Содиқ Хон Трампни террористлар оҳангида гапиришда айблади
Лондон мэри Содиқ Хон Қўшма Штатлар президенти Дональд Трампни маданиятлар тўқнашуви масаласида ИШИД риторикасини очиқ ўзлаштиришда айблади.
Брайтондаги Guardian томонидан уюштирилган матбуот анжуманида сўзлар экан, Лондон шаҳри ҳокими АҚШ президенти билан даҳанаки жангларга ҳуши йўқлигини айтди. Аммо Трампнинг Қўшма Штатларга мусулмонларни киритишни тақиқлаш қарори, гарчи Трамп британ сиёсатчиси учун истисно тариқасида бу тақиқни татбиқ этилмаслигини таъкидлаган бўлса ҳам, унга жуда қаттиқ тегиб кетган.
“Миямга келган биринчи фикр – мен истисно эмасман, иккинчиси эса – гапингни ўйлаб гапир! Айтаётганларинг ИШИДнинг гапларидан асло фарқли эмас”.
“Улар маданиятлар тўқнашуви бор, бир вақтнинг ўзида ҳам мусулмон, ҳам ғарб кишиси бўлиш мумкин эмас, дейишяпти. Ғарб бизни ёмон кўрар эмиш”.
Содиқ Хон америкалик мусулмонларнинг мамлакат тараққиётига қўшган ҳиссасини юқори баҳолади ва ғарб менталитети билан мусулмон эътиқодининг номувофиқлиги ҳақидаги гапларни нотўғри деди.



