Намозга кетаётган имомни пичоқлашди
Буюк Британияда жарроҳ ва айни дамда имомлик фаолиятини юритувчи шахс дарғабаз кимсалар ҳужумига учради ва пичоқланиб ярадор бўлди.
Якшанба куни Олтрингэм округида истиқомат қилувчи Носир Курдий жамоат билан номоз ўқиш учун Ислом маркази томон кетаётган эди. Шу пайт унинг олдига нотаниш кишилар югуриб келишди ва бўйнига пичоқ уришди. Ҳамкасби доктор Холид Аниснинг фикрича, агар пичоқ бир неча миллиметр нари ёки берига урилганда, бир мусулмоннинг ҳаёти ниҳоясига етган бўларди.
Ҳужумдан бир соат ўтиб 32 ва 54 ёшли икки шахс қўлга олинди. Тахмин қилинишича, улар имомга исломофоблик нуқтаи назаридан ҳужум қилишган, дея хабар беради IslamNews сайти The Telegraph га таяниб.
«Бу ҳамма яхши кўрадиган инсонга жуда мудҳиш ва ҳеч нима билан оқлаб бўлмайдиган ҳужумдир», – деди полиция вакили Расс Жексон. «Уларнинг умрини инсонларга ёрдам беришга бағишлаган ортопед жарроҳга ҳужум қилганлари одамни ҳайратлантиради», – деди ҳужум пайти қурбон билан бирга бўлган доктор Анис.



