Исроил генерали: «Барзаний – бизнинг лойиҳа»
Исроил разведкаси МОССАДнинг истеъфодаги генерали Саги Чори ўз интервьюсида шов-шувли бир гапни айтди.
Yenicag.Ru нинг Исроил ОАВларига таяниб маълум қилишича, генерал Чори «курд миллий ҳаракати»нинг тузилиши тафсилотларни очиб ташлади. Маълумки, кейинчалик бу ҳаракатдан қатор хавфли террорчи ташкилотлар ажралиб чиққан.
Исроил генерали МОССАДда ишлаб юрган кезлари Барзанийнинг илк отрядини тайёрлашда иштирок этгани, бу отряд бўлажак армия учун база вазифасини ўташи кўзлангани ва бу армиянинг сионистлар давлатига хизмат қилиши назарда тутилгани ҳақида гапириб берди.
1960 йиллардан бошлаб МОССАД Ироқ, Сурия, Туркия ва Эрон ҳудудида курд қаршилигини яратиш лойиҳасини бошлади. МОССАД таҳлилчилари юқорида тилга олинган давлатларнинг яхши қўриқланмайдиган ҳудудларида курд партизан отрядлари тузиш режасини ишлаб чиқишди. Ўқув лагерларини яратиш учун идеал жой Ироқ шимолининг тоғли ҳудудлари, Туркиянинг жануби-шарқий қисми ҳамда Эроннинг ғарби бўлиб, шу ердан мазкур уч давлат чегараларини ажратувчи чизиқ ўтади. Курд жанговар отраядларини яратиш учун МОССАД у ерга бир гуруҳ ҳарбий инструкторлар ва кўп миқдорда ўқотар қуроллар ҳамда ҳарбий ускуналар, дори-дармон ва озиқ-овқатларни жўнатди. Мустафо Барзанининг одамлари бизни аввалдан топиб қўйилган ғорларга олиб келишди ва биз у ерда партизанлар отрядини туздик. Ўша пайтда ҳудуднинг бу қисми Туркия, Эрон ва Ироқ ҳарбийлари томонидан деярли назорат қилинмасди. Бу ҳол «курд қаршилик ҳаракати»ни яратиш учун қулай шароит берар эди. Ҳарбий тайёргарликдан ташқари араб ва курд тилини биладиган МОССАД таҳлилчилари курдлар билан мунтазам мафкуравий ишлар олиб бориб, уларнинг онгларига таъсир ўтказар эди. Курдларга араблар, турклар, форслар, умуман Яқин Шарқдаги барча миллатлар курдларнинг душманидир деган ғояни сингдиришарди. Фақат Исроил уларни яхши кўради ва мустақил курд давлати ташкил этилишини қўллаб-қувватлайди, дейиларди. Мустафо Барзанийнинг ўзи разведкамиз агентлари билан маслаҳатлашиб олгач жангариларини тўплади ва араблар, форслар, турклар курдларни қандай эзишганини гапириб берди.
Мен араб тилини ҳам, курд тилини ҳам билмасдим. Аммо бизни ҳаласкордек кўрадиган курдлар билан дўстлашиб олишимга тил билмаслигим тўсқинлик қилолмади. Курд жангарилари орасида Мустафо Барзанийнинг ўғиллари Идрис ва Масъуд ҳам бор эди. Улар ҳам МОССАД агентларининг маърузасини катта қизиқиш билан тинглардилар. Ўшандан бери кўп вақт ўтди ва ҳозир мамлакатимиз раҳбарияти курд қаршилик кучларини яратиш учун бекорга маблағу куч сарфламаганига гувоҳ бўлиб турибмиз.
Бугун Исроилнинг қўлида курд қартаси Яқин Шарқда уни ёқтирмайдиган давлатларга босим ўтказиш учун муҳим ричаг бўлиб хизмат қилмоқда.
Орадан бир қанча йиллар ўтиб курд партизан отрядларининг айрим етакчиларини тайёргарлик даражасини текшириш учун МОССАД ўқув марказига олиб келдилар. Ўшанда мен МОССАД гуруҳининг катта инструктори эдим ва фахр билан айтаманки, курд жанговар гуруҳларининг барча қўмондонларини жанг қилишга, турли қуроллардан фойдаланишга ва портловчи ускуналар тайёрлашга мен ўргатганман», – дея ҳикоясини тугатди Исроил генерали.
Эслатиб ўтамиз, Исроил курд мухторияти ғоясини қўллаб-қувватлаётган ягона давлатдир.






