Туркия Эронга нисбатан санкцияларга қарши чиқди
Анқара Эронга нисбатан санкциялар сиёсатига қарши.
Бу ҳақида Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли Анадолу ахборот агентлигига берган интервьюси пайти маълум қилди, дея хабар бермоқда РИА Новости.
“Биз Эронни ноҳақ бўлган ўринларида танқид қиляпмиз, аммо ҳақ ўринларда қўллаймиз ҳам. Санкциялар сиёсати нотўғридир. Эронни бурчакка тиқиб қўйиш ва уни ёқтирмайдиган томоннинг хоҳишига кўра жазолаш – катта хато. Эрон бизга душманми? Ҳеч-да”, – деган Човушўғли.
Эрон ва халқаро воситачилар олтилиги 2015 йилнинг 14 июлидатЭрон атоми муаммосини бартараф этиш бўйича тарихий келишувга эришдилар. Бу келишувнинг ҳар томонлама бажарилиши Эронга нисбатан БМТ Хавфсизлик кенгаши ва Европа Иттифоқи аввалроқ қўйган санкцияларнинг бекор қилинишига олиб келарди. Ушбу режа 2016 йилнинг 16 январидан амал қила бошлади.
АҚШ президенти Дональд Трамп бир неча бор бу келишувни тарк этиш ҳақида ўйлаётганини айтди, аммо бошқа томонлар режага охиригача амал қилиш ниятида.



