Брюсселда Мянмадаги зўравонликларга қарши намойиш
Белгия мусулмон жамоати вакиллари ва Европада истиқомат қиладиган роҳинжа халқи вакиллари Брюсселдаги ЕИ институтлари жойлашган Шуман майдонида норозилик намойиши ўтказдилар.
Намойишчилар “Геноцидни тўхтатинг!”, “Аракон мусулмонларига нисбатан этник тозалашга чек қўйинг” деб ёзилган плакатларни кўтариб олишган эди.
Намойишчилардан бири “Анадолу” агентлигига хабар беришича, намойишдан мақсад ЕИ ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларини Аракон мусулмонларига нисбатан зўравонликни тўхтатишга чақириш эди.
Намойишнинг бошқа иштирокчиси эса бундай ишларнинг олдини олиш учун мусулмон мамлакатлари бирлашмоғи лозимлигини таъкидлади.
Намойишчилар, шунингдек, содир этилган жиноятлар учун Мянма ҳукумати ва армия вакилларини қоралашга чақирдилар.
Мянманинг шимолидаги Арокон штатида яшовчи мусулмонларга ҳужум 25 августдан бошланган ва бу жиноий амалиётлар “қуролланган жангариларга қарши кураш” баҳонасида ўтказилмоқда. Ҳудудда гуманитар аҳвол кескин ёмонлашди. Бангладешга қочган Араконликлар сони 518 мингдан ортди.



