Ар-Риёд аксилтеррор марказига $110 млн ажратди

Ар-Риёд аксилтеррор марказига $110 млн ажратди

Россия Фередарцияси ва Саудия Арабистони ўртасида қатор соҳаларда ҳамкорлик борасида ҳужжатлар мажмуи имзоланди.

Россия президенти Владимир Путин ва Саудия Арабистони қироли Салмон ибн Абдулазиз ал-Сауд Москвада бўлиб ўтган музокаларни «мазмунли, фойдали ва ишончли суҳбат» дедилар.
Саудия қиролининг кенгайтирилган таркибдаги музокаралар якунига кўра таъкидлашича, икки мамлакатнинг кўп масалаларда нуқтаи назарлари мос тушади. Қирол Россия ҳамда Саудия Арабистони ўртасида тинчлик ва хавфсизлик борасида ҳамкорликнинг ривожланишини фойдали деб баҳолади.
Унинг сўзларига кўра, Россия-Саудия ҳамкорлигининг мустаҳкамланиши жаҳон нефть бозорларида барқарорликни таъминлашга ижобий таъсир ўтказади, бу эса жаҳон иқтисодиётининг ўсишига олиб келади.
«Биз аминмизки, муносабатларни ривожлантириш, давлатларимизнинг ўхшаш хусусиятларига таянган ҳолда ўзаро алоқаларни кенгайтириш учун база яратиш имкони мавжуд», – деди Салмон ал-Сауд.
Қирол халқаро ҳамжамиятнинг асосий вазифаларидан бири терроризм ва уни молиялаштирувчи манбалар билан курашиш бўлмоғи лозим, деди.
“Терроризм ва экстремизмнинг давлатлар ва халқларга катта хавф эканини назарда тутиб қироллик БМТ шафелигида аксилтеррор маркази тузиш ташаббуси билан чиқди ва бунинг учун 110 миллион доллар ажратди», – деди Салмон ал-Сауд.
Қирол, шунингдек, Фаластин муаммосини араб тинчлик ташаббуси асосида ҳал қилиш йўлидаги ҳаракатларни тўхтатмасликка чақирди. Унинг айтишича, бу жараённинг натижасида пойтахти Шарқий Қуддусда жойлашган Фаластин давлати тузилиши керак.
Сурия масаласида эса Саудия Арабистони Женевадаги музокараларда эришилган келишувлар ҳамда БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциялари асосида бу давлатда Суриянинг ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолган ҳолда муаммони тинч йўл билан ҳал этиш жараёнини якунлашга эришмоқчи.
Қирол, шунингдек, халқаро ҳамжамиятни роҳинжа мусулмонлар муаммосини эътиборсиз қолдирмасликка ва уларнинг азобларига барҳам бериш учун муаммонинг ечимини излашга чақирди.
Салмон ал-Сауд Ироқнинг ҳудудий яхлитлигини сақлаш ва бу мамлакатда ички терроризм билан кураш учун ягона фронт яратиш масаласини ўта муҳим деди.
Саудия қироли Россия президентига меҳмондўстлиги учун миннатдорчилик билдирди ва уни Саудияга таклиф қилди. Владимир Путин бу таклифни қабул қилиб Саудия Арабистонига боришга ваъда берди.
Қирол билан бирга Қиролликдан катта делегация ҳам Москвага келган. Унинг таркибида еттита вазир, мудофаа вазирининг ҳамда Умумий разведка хизмати бошлиғининг ўринбосарлари, инвестицион структураларнинг раҳбарлари бор эди.
Россия делегацияси таркибига эса ҳукумат аъзоларидан ташқари аҳолисининг кўп қисмини мусулмонлар ташкил этган ҳудудларнинг раҳбарлари ҳам киритлганди.
Икки давлат ўртасидаги музокаралар натижасида савдо-иқтисодий, ҳарбий-техник, қишлоқ хўжалиги ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликка оид 14 та ҳужжат имзоланди.

back to top