«9 ойлик чақалоғим кўзим олдида чўкиб кетди»
Қочқин роҳинжаларни олиб келаётган қайиқ Бангладешнинг хавфсиз соҳилларига етишига бир неча метр қолганди. Бирдан катта тўлқин бостириб келди ва Нур Фотима ҳамда унинг 9 ойлик чақалоғини қайиқдан улоқтириб юборди.
Аёл бир қўли билан қайиқ четидан ушлаб тургани ҳолда, иккинчиси билан боласини тутиб қолишга уринарди.
«Биз 4 марта сув тагига кириб чиқдик ва мен боламнинг оғзидан булқиллаб ҳаво чиқиб чўкиб кетаётганини ўз кўзим билан кўрдим», – деди аёл 28 сентябрдаги фожиадан сўнг юзида қотиб қолган даҳшат билан. Ўша куни 60 дан ортиқ қочқин ҳалок бўлди.
Фақат 17 киши тирик қолди. Кокс-Базардаги энг машҳур сайёҳлик жойи – Инани пляжига денгиз 23 та қочқиннинг жасадини чиқариб ташлади. Улар орасида Фотиманинг ўғли Сайфул-Раҳмон ҳам бор эди.
20 ёшли она икки фарзанди билан Мянманинг Ракхайн штатига ҳарбийлар уюштиирган босқиндан қочган эди.
25 августдан бери штатни ярим миллиондан ортиқ роҳинжалар тарк этди. Улар ўзлари билан Бангладешга оммавий қирғин, зўрлашлар ва бутун бошли қишлоқларни ёқиб юбориш каби даҳшатли ҳикояларни олиб келдилар.
Фотима Бангладешга келаётиб оиласининг 8 аъзосидан айрилди. Фақат эри, уч яшар ўғли ва қайниси Нурул Салом тирик қолди. Al Jazeera мухбирлари Салом билан бенгал балиқчиларининг чайласида учрашдилар. Кўрган даҳшатлари таъсирида ва ўта ҳолсизликдан у юрган йўлида ухлаб қолаётганди. Ўша машъум кунда унинг хотини ва ўғли чўкиб кетишди.
«Ўғлимни ушлаб қолмоқчи бўлдим, аммо уддалай олмадим», – деди Салом ҳолсиз тушкунликка ботиб. У икки яшар ўғлининг денгизда чўкиб кетаётганини ҳикоя қилиб бераркан, юзларини қўллари билан бекитиб қалтираб дод соларди. «У 6 марта сув тагига кириб чиқди, ҳар сафар уни қутқарардим, аммо қўлимдан чиқиб кетарди ва «дада, дада» деб мени чақирарди».
Нур Фотима эса ўғли сув ютиб ўлгандан кейин ҳам унинг жасадини ушлаб турганини, фақат ўзи ҳам чўка бошлагач уни қўйиб юборганини айтади. Унинг қўлчалари ва оёқчалари кўкариб кетган, аёлнинг сутга тўлиб кетган кўкраклари чидаб бўлмас азоб беради, аммо энди эмизишга ҳеч ким йўқ, ўғли ҳалок бўлган.
Кутупалонгда Фотиманинг оиласи буткул мавҳумлик исканжасида қолди: энди шундай шароитда ҳаётларини яна изга туширишлари керак. «Биз ҳамма нарсамизни йўқотдик», – дейди муслима.
Тирик қолган ўғли Абдураҳмонни бағрига босаркан аёл шундай дейди: «Биз оила аъзоларимизни, уй-жойимизни, қўшниларимизни йўқотдик. Жаҳон ҳамжамияти бизга адолатни тиклаб беради деб умид қиламан».



