Остонада Сурия бўйича навбатдаги учрашувнинг мавзулари эълон қилинди
Остонада Россия ва Қозоғистон ташқи ишлар вазирлари биргаликда матбуот анжумани ўтказдилар.
Унда Қозоғистон пойтахтида Сурия бўйича ўтказиладиган навбатдаги музокаралар мавзулари эълон қилинди. Маълум бўлишича, бу сафар асирлар ва маҳбусларни озод қилиш, ЮНЕСКО ҳимоясидаги тарихий ҳудудларни миналардан тозалаш масалалари кўриб чиқилади.
Бу ҳақида Қозоғистон ташқи ишлар вазири Кайрат Абдураҳмонов айни пайтда Остонада расмий ташриф билан бўлиб турган россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан биргаликда бўлиб ўтган матбуот анжуманда маълум қилди.
Вазирнинг сўзларига кўра, Лавров билан учрашув чоғи Москва ва Астана муносабатларидан ташқари бу икки мамлакатнинг Евроосиё Иқтисодий Ҳамкорлиги (ЕЭС), МДҲ, Жамоавий хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ), Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШОС) ва бошқа уюшмалар доирасидаги ўзаро алоқалари ҳам муҳокама қилинди.
“Бундан ташқари, томонлар терроризмга, ядровий қуролланишга қарши кураш, Суриядаги зиддиятни ҳал қилишда Остона учрашувларининг роли масалаларини муҳокама қилдилар”, – деди Абдураҳмонов.
2011 йили Сурияда бошланган уруш давомида 400 мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлган, 10 миллиондан ортиқ аҳоли эса бошпана қидириб ўз уйини тарк этган. 4,8 млн инсон мамлакат ташқарисидан бошпана топди.



