Австралиядаги мусулмон орол
Ҳеч Австралияга боришни истаганмисиз? Агар Австралия оролларидан бирига тушиб қолсангизу, азон овозини эшитсангиз, ҳайрон бўлманг.
Демак, сиз Кокос оролларига ёки Килингага (Cocos (Keeling) Islands – 27 та майда коралл оролчалардан иборат гуруҳ) келибсиз. Кокос ороли Австралиядаги деярли барча аҳолиси Исломга эътиқод қиладиган ягона орол.
Орол аҳолиси шариат аҳкомларига қатъий амал қилади ва болаларига ёшлигидан Исломни ўргатиб келади. Архипелаг қитъадан анча узоқда жойлашганига қармай – Австралия ғарбий қирғоқларидан икки минг километрдан ортиқ узоқликда – у мамлакатнинг бир қисми ва ташқи чегараси ҳисобланади. Бу архипелаг Ҳинд океани бўйлаб чўзилиб кетган коралл оролчалари белбоғини эслатади. Архипелаг аҳолисининг аксари эса, юқорида айтиб ўтилганидек, мусулмонлар.
Шунга қарамай, Австралияда мусулмонлар диний озчилик саналади, лекин сўнгги пайтларда Ислом эътиқод қилувчилари сони жиҳатидан мамлакатда тўртинчи дин мақомига чиқиб олди. Мусулмонлар Австралия аҳолисининг 1,71 фоизини ташкил қилади. Лекин Кокос оролидаги вазият мамлакатнинг бошқа жойларига қараганда анча фарқли. Чунки оролнинг деярли барча аҳолиси мусулмонлардир.
Кокос ва Мавлуд оролларига мусулмонлар илк бора ишчи кучининг кўчиб ўтиши даврида келиб қолганлар. Бу ерга ишчи сифатида келганларнинг аксари малайлар ва индонезияликлар эди. Улар Шотландия савдо кемаси капитани Жон Клуниз-Росс ва савдогар Александр Гир билан келганлар. Тўққизинчи аср бошида бу ерга келган савдогарлар ўзлари билан Малайзия, Хитой, Янги Гвинея ва Ҳиндистонда жуда кўп ишчи кучи келтирганлар. Бу ишчилар кокос йиғиш ва кейинчалик кокос мойи ишлаб чиқаришга жалб этилган. Ўша ишчилар орасида бу оролларга келган илк мусулмонлар ҳам бўлган.
Капитан Жон Клуниз-Росс 1827 йилнинг 27 февралида Саут-Айлендда ўзининг илк манзилгоҳларини қурди, 1831 йилда эса ҳамма оролларни эгаллаб олиб, уларни Клуниз-Росс оиласининг мулки деб эълон қилди. 1857 йилда бу ҳудудлар Буюк Британия томонидан аннексия қилинди, 1878 йилда эса Цейлон губернатори бошқарувига берилди. 1886 йил 7 июлидан ороллар қиролича Виктория томонидан Клуниз-Росс оиласига муддатсиз тасарруф этишга берилган, 1886 йилда эса Стрейтс Сетлментс колониясига қўшилган, кейинчалик Мавлуд ороллари ҳам бу колония таркибига киритилди.
Стрейтс Сетлментсга бўйсуниш шунчаки расмиятчилик бўлиб, амалда Клуниз-Росслар оролларни ўз билганларича бошқарардилар ва ҳатто 1887 йилда ўз валюталари – Кокос ороллари рупиясини амалга киритдилар.
1914 йилнинг 9 ноябрида Биринчи Жаҳон уруши пайти ороллар ёнида Автралиянинг “Сидней” крейсери ва Германиянинг “Эмден” рейдери ўртасида тўқнашувлар бўлиб ўтди, унда Германия кемаси қаттиқ шикаст еди ва тошлар устига чиқариб ташланди, кема жамоасининг бир қисми эса Кокос ороллари орқали қочиб Германияга қайтди.
1955 йилнинг 23 ноябрида Кокос оролларини Англия бошқарувига беришди. 1978 йилда эса Австралия ҳукумати Клуниз-Росс авлодларидан деярли барча ерларини сотиб олди, қолган-қутган ерлар 1986 йил сотиб олинди. 1984 йилнинг 6 апрелида оролларнинг ўз-ўзини бошқаруви ҳақида референдум бўлиб ўтди. Кўпчилик Австралия таркибида қолишни ёқлаб овоз берди.
Кокос ороллари аҳолисининг 80 фоизга яқини сунний мусулмонлардир. Улар асосан архипелагнинг инсон қадами етган икки оролида яшайдилар. Бу оролларда учта масжид қурилган, улардан энг каттаси ва замонавийси ғарбий оролда жойлашган.
Оролда ўзаро мулоқот учун малай тили ишлатилади. Аммо уларнинг тили континентал малайчадан бироз фарқли, чунки мусулмонлар оролларга илк қадам қўйган даврдан шу кунгача тил анча ўзгаришларга учради.
Яна шуни таъкидлаш лозимки, Ислом шариатига риоя этиш Кокос оролларидаги ҳаётнинг асосий белгисидир. Бу ерда Кокос ороллари, Малайзия ва Океания халқлари анъаналари аралашмасидан пайдо бўлган маданиятга болаларни мукаммал равишда ўргатишади. Шу тарзда авлодлараро боғлиқлик сақланиб туради. Бу амалиёт Исломнинг сақланиб қолишига ҳамда катталар томонидан Маккадан олиб келинган марҳамат соясида болаларни тарбия қилишга ёрдам беради. Айтганча, оролларнинг аксар аҳолиси Маккага бориб ҳаж қилган.
Ла тоба университетининг антрополия профессори Николас Хирисма Кокос оролида яшайдиган малайларни Австралия ҳамда Океанияда пайдо бўлган илк мусулмон ва жанубий осиёлик жамоат деб ҳисоблайди. Бу факт эса ўша одамларга нисбатан ҳурмат ва эҳтирос туйғуларини юзага келиради.




