Гуноҳлар шаҳрида мусулмонлар Аллоҳдан нимани сўрадилар?
Шу ҳафтада Лас-Вегас масжиди яқинда бўлиб ўтган ва 58 кишининг умрига зомин бўлган ҳужум қурбонларини эслаб хотира маросимини ўтказди.
Мусулмонлар Иброҳим масжидида жамоа бўлиб намоз ўқидилар ва Аллоҳдан 1 октябрь фожиаси қурбонларининг оилаларига сабр сўрадилар, деб хабар беради IslamNews сайти Review Journal га таяниб.
“Лас-Вегас мусулмонлари шаҳримизга қилинган ҳар қандай ҳужумни динимизга ҳужум деб қабул қиладилар, – деди масжид имоми Атхар Ҳасибуллоҳ. – Ҳужум қилган мусулмонми ё мусулмон эмасми, қатъи назар, моҳият ўзгармайди. Бу инсоф ва диёнат масаласидир”.
Али Суба исмли тиббиёт ходимининг сўзларига кўра, терроризмнинг дини йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас.
“Терактлар содир бўлганда биз ҳар сафар ишқилиб террорчи мусулмон бўлмасин-да деб дуо қиламиз. Бу худди сутдан оғзи куйганнинг қатиқни пуфлаб ичишидек гап. Биз ноҳақ айбланувчи ва жазоланувчи бўлиш нима эканини яхши биламиз”.
Масжидда намоз ўқиётганлар қаторининг охирида Лас-Вегас полицияси вакили Винс Д’Анджело турганди. 1 октябрь куни у ҳужум жойига биринчилардан бўлиб етиб борди. Винс мусулмонларга ҳамжиҳатликни намоён этиш ва улар билан ўзи билганча ибодат қилиш учун масжидга келди.



