Мянмада ислоҳотлар йўлида биринчи қадам қўйилди
Мянма ҳукумати мамлакатдаги буддист кўпчилик ва мусулмон озчилик ўртасида муносабатларни яхшилаш йўлида биринчи рамзий қадамни қўйди.
Саноқли ҳафталарда мамлакатдан ярим миллиондан ортиқ роҳинжа мусулмонлар қочиб чиқиб кетгач, Мянманинг “демократ” етакчиси Аун Сан Су Жи динлараро бағрикенглик ҳақида илк бора очиқ гапирди.
Янгондаги стадионда турли дин вакиллари иштирок этган ва бир-бирларига қўл бериб дўст бўлишга ваъдалашган тантанали маросим бўлиб ўтди, деб хабар беради Channel News Asia.
Тадбирга кўп минг кишилик оломонни олиб келишди, уларнинг қаршисидаги саҳнага буддист, мусулмон, индуизм ва насроний динлари вакиллари чиқишди. Соқолли имомлар, насроний роҳибалар ва буддист роҳиблар ёнма-ён туришди.
«Бир-биримизни ўлдиришни, қийнашни бас қилайлик», – деди Янгоннинг буддист раҳнамоси мусулмон етакчиси Муфтий Алининг қўлини қисиб.
«Фуқаролар ўзиро ҳамжиҳат бўлиб, мамлакат равнақи учун хизмат қилишлари керак. Ҳаёт эркинлиги, таълим эркинлиги, дин эркинлиги юртимиз учун жуда керак», – деди Али.



