Араб мамлакатлари парчаланиш хавфи остида
Араб дунёси фожиаси фақат терроризм билан чекланмайди, айни пайтда у парчаланиш хавфи остида турибди, деди Араб давлатлари Лигаси (АДЛ) бош котиби Аҳмад Абу Зайд Қоҳирадаги Носир Олий ҳарбий академияси делегацияси билан учрашувда.
“Араб дунёси фожиаси фақат давлатлар ичидаги ёки уларнинг чегараларига жойлашиб олган террорчилик ташкилотлари билан чекланмайди. Мамлакатларнинг ўзлари парчаланиб кетай деяпти”, – деди у ва Ироқдаги вазиятга урғу берди.
АДЛ бош котиби ҳозирда бирлашган араб армияси ғояси жуда долзарблигини айтди.
Аммо унинг сўзларига кўра, араб давлатлари бу масалада етарлича ирода намоён этмаяптилар.
“Маълум бўляптики, араб мамлакатлари раҳбарлари бундай армия тузиш эҳтиёжини англамаяптилар. Агар қарор қабул қилинса, АДЛ уни қўллашга тайёр. Айни шароитда энг мақбул қадам Суриядаги вазиятларни кузатувчи миссияни ташкил этишдир”, – қўшимча қилди у.
2015 йилнинг мартида Шарм ал-Шайх шаҳрида бўлиб ўтган АДЛ саммити иштирокчилари Суриядаги вазиятни кузатувчи миссияни яратиш ҳақида бир тўхтамга келганди, аммо лойиҳа амалга оширилмади.



