Немис вазири исломий байрамларни дам олиш куни деб эълон қилишни таклиф этди
Германия ички ишлар вазири Томас де Майзер икки исломий байрамни мамлакатда дам олиш куни деб эълон қилиш таклифи билан чиқди.
Ушбу баёнот Қуйи Саксонияда бўлиб ўтган ҳукмрон Христиан-Демократлар иттифоқи (ХДИ) партияси тарафдорлари билан учрашувда айтилди. Маълумки, вазир шу партия аъзосидир.
«Мен мусулмонларнинг байрамларини тан олишни таклиф қиламан. Мусулмонлар кўп яшайдиган ҳудудларда нега бу байрамларни тан олмаймиз?», – деди Майзер ва католиклар ҳамда протестантлар ўз диний байрамлари куни ишламаслик ҳуқуқига эгаликларини эслатиб ўтди.
Вазирнинг таклифини Германия Мусулмонлари Марказий Кенгаши қўллаб-қувватлади, унинг вакили Айман Вацек бу ғоянинг амалга оширилиши немис жамиятининг мамлакатда яшаётган мусулмонлар билан интеграцияси яхшиланишига ёрдам берган бўларди, деди.



