Чеченистон раҳбари – юртимиз меҳмони
Тошкент. 16 октябр. Info.islom.uz Бугун юртимизга азиз меҳмон Чеченистон Республикасининг раҳбари Рамазон Қодиров ташриф буюрди.
Рамазон Қодиров – Чеченистоннинг биринчи президенти, Россия қаҳрамони Аҳмад ҳожи Қодиров бошлаган тинчлик ва бунёдкорлик сиёсатининг муносиб давомчисидир. Аҳмад ҳожи Қодиров 1980-йилларда Тошкент ислом олий маъҳадида ўқиб, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларидан бевосита таҳсил олган ва умрининг охиригача содиқ шогирдлардан бўлиб қолган эди. Муфтий Аҳмад Қодиров чечен халқи бошидан кечирган энг оғир кунларда халқининг дини, мустақиллиги ва тинчлиги учун жон фидо қилгач, Рамазон Қодиров отасига муносиб ўринбосар бўлди. Бугунги кунда Чеченистон нафақат Россияда, балки дунё миқёсида энг тез ривожланиб бораётган давлатлар даражасига чиқиб олди. Рамазон Қодиров масжид-мадрасалар қуриш, диний таълимни йўлга қўйиш борасида ҳам кўп хайрли ишларга бош-қош бўлмоқда.
Бугун Рамазон Қодиров падари бузруквори таҳсил олган Ўзбекистонни зиёрат қилиш учун юртимизга ташриф буюрди.
Чеченистон Республикаси раҳбари Рамазон Қодиров «Шайх Зайниддин» жомеъ масжидига келиб, устози шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қабрини зиёрат қилди, «Ҳилол-нашр» нашриёт уйининг раҳбари Исмоил Муҳаммад Юсуф билан учрашиб, Қуръони Карим тиловатидан сўнг шайх ҳазратларининг, барча ўтган мўмин-мусулмонларнинг ҳаққига хайрли дуолар қилди.








