Ислом олами уюшмасининг анжумани
Шу йил 2 сентябрь, Зулҳижжа ойининг 11-куни Макка шаҳри Муқаддас Мино водийсида жойлашган Ислом Олами Уюшмаси қароргоҳида “Исломда васатийя ва бағрикенглик” мавзусида анжуман бўлиб ўтди. Йиғилишда кўплаб мусулмон диёрларининг муфтийлари ва дин ходимлари қатнашдилар. Жумладан, Ўзбекистондан Асака туман Бош имом хатиби Шаҳобиддин Парпиев ҳам мўътабар уюшма таклифига кўра анжуманда иштирок этди.
Анжуман Қуръон тиловати билан бошланди. Йиғилишни Саудия Арабистони Қироллиги Бош муфтийси Абдулазиз Оли Шайх кириш сўзи билан очиб берди.
Сўнг Миср араб Республикаси муфтийси доктор Шавқий ва Ислом Олами уюшмаси Бош котиби Муҳаммад Абдулкарим ал-Исолар сўзга чиқди.
Анжуманда Ислом оламининг бугунги кундаги ўрни ва мавқеси тўғрисидаги масалалар ҳамда бутун инсониятни ташвишга солаётган глобал муаммолар муҳокама қилинди. Уламолар, дин арбоблари Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам суннатлари асосида мазкур масалаларга ўз муносабатларини билдирдилар. Васатийя ва исломий бағрикенглик куррамиздаги минглаб муаммоларни ҳал қилишнинг энг тўғри йўли эканлиги далиллар ҳамда тарихдан мисоллар асосида исботланди.
Сўзга чиққанлар орасида Мавритания фатво бўлими Олий Мажлиси раиси шайх Муҳаммад Мухтор, Фаластин ва Қуддус диёри муфтийси Муҳаммад Аҳмад Ҳусайн, Чеченистон муфтийси Салоҳ Ҳожи Межиев ва бошқалар шу мавзуларга тўхталдилар.
Анжуманда, шунингдек, қуйидаги фикрлар айтилди.
Таъкидлаб айтишимиз мумкинки, Ислом ҳақиқатан ҳам ҳар бир амал ва соҳада меъёру мувозанатга риоя қилгувчи диндир. Унинг моҳияти – бағрикенглик, ҳукмлари – адолат, воқеълиги – оммабоп, зоҳири – илғор маданият. Ҳар қандай замон ва маконда ҳар қандай мушкулотнинг энг тўғри ечимини топа олгувчи диндир.
Усул ул-фиқҳ қоидасига кўра зарурат муҳаррамотни мубоҳ қилади. Бу эса цивилизация ривожланган ушбу глобаллашув даврида жамиятдаги мушкулотларни ҳал қилишнинг энг инсонпарвар йўлидир.
Ислом бағрикенглик ғоялари билан башариятни ўзига жалб қилади, халқлар орасида дўстлик ва тинчликни таъминлайди. Ҳар қандай фитна ва урушларга барҳам беради.
Ислом дини шундай васатийя (ўртаҳоллик) диники, бунда кишини ҳақиқий инсонийлик меъёрларини бузиб, жамият аъзоларининг шаъни ва шахсиятига тажовуз қиларли даражада чегарадан чиқиб кетишга ҳам, мутаассиблик қилиб, тор дунёқарашга бурканиб олишга ҳам йўл қўйилмайди.
Анжуманда юқоридаги долзарб масалаларни юзасидан шундай қарорлар қилинди:
- Маълумки, васатия ва бағрикенглик Ислом ақидасида ва унинг тадбиқида диннинг асл гавҳаридир. Ислом ақидаси ва фиқҳ масалалари шунчалар очиқ баён қилинганки, фақат нодон ва адашган ёки фикри бузуқ инсонларгина бу йўлдан оғишлари мумкин. Чунки у Ислом умматининг асрлар оша ўзгармай келаётган энг равшан йўлидир.
- Аёнки, “Исломий ўртаҳоллик” соғлом тафаккурнинг ҳар қандай сиёсий, диний ва ижтимоий соҳада меъёрдан чиқиб кетмаслиги учун асосий таянчидир. Бу эса айнан диннинг муҳофазаси ва мусулмон умматининг барқарорлиги, тинчлик, хотиржамликнинг гарови ҳам эрур.
- Исломий ўртаҳолликнинг кенг миқёсда оммага етказишдек буюк масъулият уламолар, фаоллар ва барча мураббийларнинг зиммаларидаги шарафли вазифа ҳамда бурчларидир. Ислом тараққиёти ғояси ва ҳақиқатнинг зоҳир бўлиши турли бузғунчи ғояларга эмас, балки мўтабар уламолар ва саҳиҳ усулларга асосланган ҳолда бўлиши керак.
- Динимизда ҳақиқатан ҳам бағрикенглик ва васатияни кенг ёйиш, илмий мубоҳасаларни ва дарсларни қўллаб-қувватлаш бугунги кунда кенг тарқалган турли бузғунчи ғоялар тарафдорларига қарши кураш учун энг тўғри тадбирдир.
- Илмий анжуманлар ва фикр алмашувлар мусулмон умматининг турли фирқаларга бўлиниши ва бузғунчи ғояларга алданиб қолишига қарши тургувчи омилдир.
- Ислом тарихида мусулмонларнинг ҳозирги кундаги каби ўта заифлашиб, нуқсонларга юз тутиши кўрилмаган. Албатта, тарихдан маълумки, Ислом маданияти ўзга маданиятлардан доимо устувор бўлган. Мана шу қутлуғ йўлни маҳкам тутиш мусулмон ўлкаларининг бугунги тараққиёт даврида энг олдинги маданият табақаларига эришишига сабаб бўлади.
- Ҳақиқий Ислом таълимотларига қарши ўлароқ “Исломофобия” деб аталган бўҳтонга қарши кураш учун Исломнинг ҳақиқатан инсонпарвар ва меҳр-шафқатга чорловчи дин эканлигини намоён этишда бугунги кунда мусулмон ўлкаларида илмий мубоҳасалар марказларини ташкил қилиш эҳтиёжи доимгидан ҳам юқоридир.
Сўзга чиққан анжуман иштирокчилари меҳмонларни юқори даражада ҳурмат ва эътибор билан кутиб олган, ҳаж амалларини бажаришда кўплаб қулайлик ва кўмаклар кўрсатган ҳамда анжуманни ташкил қилган Саудия Арабистони Қироллиги ва барча хизматчиларга миннатдорчилик билдиришди. Ҳақларига дуолар қилишди.
Шаҳобиддин Парпиев,
Асака туман Бош имом хатиби



