Рамазон Қодиров: “Мирзиёевга отам ҳақида Шайх кўп гапириб берган экан”
Рамазон Қодиров шахсий саҳифасида Шавкат Мирзиёев билан бўлган учрашувга баҳо берди.
Рамазон Қодиров Ўзбекистонга икки кунлик ташрифи доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинди.
ТОШКЕНТ, 17 окт – info.islom.uz.
Ушбу илиқ учрашув якунлари тўғрисида Рамазон Қодиров Инстаграмдаги шахсий саҳифасида қуйидагиларни ёзади:
“Ассалому алайкум! Душанба куни мен Ўзбекистоннинг пойтахти Тошкентга сафар қилдим. Ўзбекистон ва унинг пойтахти билан бўладиган бу дийдорлашувни мен узоқ кутгандим. Тошкенда мени муҳтарам Президент @mirziyoyev_sh Шавкат Мирзиёев қабул қилди. Фавқулодда дўстона ва илиқ суҳбат учун мен Шавкат Миромоновичдан бениҳоя миннатдорман! У киши менинг падари бузрукворимни, ЧРнинг Биринчи Президенти, Россия Қаҳрамони Аҳмад-ҳожи Қодировни ғоибона жуда яхши танир эканлар, унинг терроризмга қарши курашлари ҳақида яхшигина хабардор эканлар. Бу мен учун катта янгилик бўлди. Менинг отам ҳақида у кишига Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори, Аҳмад-ҳожи отамизнинг устози ва оиламизнинг яқин дўсти шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ жуда кўп гапириб берган эканлар. Мен ўз навбатида, Аҳмад-ҳожи Ўзбекистонга ва унинг халқига нисбатан қай даражада самимий муҳаббат ҳис қилгани ҳақида гапириб бердим.
Мазкур учрашувда биз иқтисод йўналишида, ижтимоий, маданий ва спорт соҳаларида, инвестицион сиёсат жабҳаларида икки томонлама манфаатли ҳамкорликкка оид қатор масалаларни муҳокама қилдик. Биз биргаликдаги ҳамжиҳат ҳаракатлар ила Ўзбекистон ва Чеченистон ўртасидаги алоқаларни яқиндан ўрнатиш, бу алоқаларни мунтазамлик акс этган юқори даражаларга олиб чиқишга келишдик. Ўзбекистон халқи Шавкат Миромонович сиймосида Аллоҳнинг инояти ила ўзининг халқини, юртини севадиган, ўзининг ҳаётини Ватани учун бағишлайдиган ҳақиқий раҳнамога эга бўлганлига амин бўлдим! У киши Ўзбекистонни қандай қилиб иқтисодий ва сиёсий ривожланган барқарор мамлакатлар сарасига киритишни билади! Мен Шавкат Миромоновични у кишига қулай бўлган вақтда Россиянинг минтақаси бўлмиш Чеченистонга дўстона ташриф доирасида таклиф қилдим! Президент Грознийга ташриф буюришга ваъда бердилар!”
Бугун Рамазон Қодировнинг Ўзбекистонга иккинчи кун ташрифи дастури доирасида Самарқанд ва Бухоро шаҳарларини зиёрат қилиш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, кеча Чеченистон Республикаси раҳбари Рамазон Қодиров «Шайх Зайниддин» жомеъ масжидига келиб, устози шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қабрини зиёрат қилди, «Ҳилол-Нашр» нашриёт уйининг раҳбари Исмоил Муҳаммад Юсуф билан учрашиб, Қуръони Карим тиловатидан сўнг шайх ҳазратларининг, барча ўтган мўмин-мусулмонларнинг ҳаққига хайрли дуолар қилди.



