Исмингдан уялма, ўғлим

Исмингдан уялма, ўғлим

Америкалик Ислом олими Жиҳод Турк ўзининг мусулмонлигидан доим ҳам фахрланмас эди ва ўзини мексикалик деб ўйлашларига қаршилик кўрсатмаган йилларини яхши эслайди.

Мактабда Жиҳод ўз исмини «Жей» деб атарди, ҳатто футбол жамоасидаги формасида ҳам шу ном қайд этилганди. Бир куни боланинг отаси ўйинни томоша қилгани келди ва фарзандининг кийимида исми бошқача ёзилганини кўриб қолди. «Йўқ, сенинг исминг катта маънога эга, уни сенга бекорга қўймаганман, – деди ўшанда ота ўғлига. – Бу тўғри иш йўлида курашни билдиради. Одамлар учун ушбу сўз тушунарсиз ва ғайриоддий туюлиши мумкин, аммо уларга бунинг маъносини англатишга ҳаракат қилиш керак». Мазкур воқеа Жиҳодга сабоқ бўлди, шундан кейин у умрини одамларга Исломни англатиш ва бу дин ҳақида тўғри маълумотларни тарқатишга сарфлайдиган бўлди, деб хабар беради IslamNews сайти ABC News га таяниб.
Турк исломий диний таълим олгач, Ислом ҳуқуқи – фиқҳ бўйича Калифорнияда магистратура очди ва уни бошқариб келмоқда. Ўзининг ўқув муассассасида мамлакатга ёрдами тегадиган ва жамиятдаги маънавиятсизлик билан курашадиган мусулмон раҳнамоларининг янги авлодини тарбиялашга ҳаракат қилмоқда.

back to top