Сурия Халқ Конгресси мажлиси кечиктирилди

Анқара Россиянинг Суриядаги аҳволни ўнглаш борасида ташаббусини шарҳлади.
Туркия Россия ташаббуси билан чақирилган Сурия Халқ Конгресси мажлисида иштирок этмайди, деди Туркия президентининг матбуот котиби Иброҳим Қалин.
Қалиннинг сўзларига кўра, Конгресс мажлисида Сурия мухолиф гуруҳлари иштирок этади, Туркия эса фақат кузатувчи мақомини эгаллайди. «Лекин ҳозирча буларнинг бари аниқ эмас. Фақат Россия Конгресс мажлисини кечроққа сургани ва унда PYD (РККнинг Суриядаги террорситлар қаноти) вакиллари иштирок этмаслигидан бошқа ҳеч нарса аниқ эмас. Биз Россиянинг ташаббусига айнан шу нуқтаи назардан қараяпмиз», – таъкидлади Қалин.
Унинг сўзларига кўра, Сурия Халқ Конгресси ташаббуси Анқарада Россия президентининг махсус вакили билан муҳокама қилинган.
«Сурия Халқ Конгресси масаласи 15 кун аввал РФ вакилининг Анқарага ташрифи чоғи муҳокама қилинди. Муҳокамалар Астанада Сурия бўйича музокараларнинг 7-раундидан бир ҳафта аввал бўлиб ўтганди. Россия томони Анқарага конгресс ўтказиш режасини маълум қилди, Москванинг фикрича, бу тадбир Сурия муаммосини сиёсий йўл билан бартараф этишга ҳисса қўшишиш мумкин», – маълум қилди Туркия президенти матбуот котиби.
Қалиннинг таъкидлашича, Туркия томони тиашаббус ҳақида кўпроқ маълумот сўраган. «Биз бу конгресс қандай фойда келтиришини англаш учун ушбу масалани ўрганиб чиқишга тайёрлигимизни билдирдик. Россия томони деталларни маълум қилиш ваъдасини берганди, шунингдек, тахминий қатнашувчилар рўйхати ва мақсадларни ҳам аён этиши керак эди», – деди Қалин.
Унинг сўзларига кўра, шундан кейин ташаббус кутилмаганда Анқарани огоҳлантирмай Москва томонидан кенг эълон қилиб юборилди, бу эса, табиийки, Туркиянинг салбий муносабатига сабаб бўлди.
«Шундан сўнг Кремль Анқара билан музокара бошлади ва Конгресс мажлиси кечиктирилганини маълум қилди. Яъни агар Россия томони қарорини ўзгартирмаса, конгресс мажлиси 18 ноябрда эмас, кейинроқ бўлиб ўтади», – деди Қалин.