Ямандан отилган ракета Ар-Риёд яқинида йўқ қилинди

Саудия Арабистони бошчилигидаги халқаро коалициянинг ҳаво ҳужумига қарши тизими Ямандан отилган баллистик ракетани пойтахт Ар-Риёд яқинида уриб туширди.
Ар-Риёд бошлиқ коалиция вакили полковник Туркий Ал-Маликийнинг маълум қилиишча, ракета куни кеча маҳаллий вақт билан 20:07 да Яман томонидан учирилган.
Ракета Patriot зенит-ракета комплекси томонидан тутиб олинган, унинг қолдиқлари эса пойтахт аэропортидан узоқ бўлмаган кимсасиз жойга тўкилган.
Малики Яманнинг «Ансаруллоҳ» ҳаракати (хусийлар)нинг ушбу ишини БМТ резолюцияларини бузиш, Саудия Арабистони ва умуман ҳудуд хавфсизлигига таҳдид деб баҳолади.
Шу билан бирга у хусийлар ушбу ҳудуддаги мамлакатлардан биридан ёрдам олишига аминлигини айтди.
Яманда 2014 йилдан бери қуролли зиддият давом этиб келмоқда, унда бир томондан «Аннасруллоҳ» номли шиа лашкарлари ва ағдарилган президент Али Абдуллоҳ Солиҳ тарафдорлари, иккинчи томондан президент Абдурраб Мансур Ҳодийга хайрихоҳ ҳукумат кучлари курашмоқдалар.
Саудия Арабистони раҳбарлигидаги коалиция кучлари Яман ҳукуматига 2015 йил мартдан бошлаб мадад бериб келади.