Саудиялик шаҳзоданинг вертолёти ҳалокатга учради

Саудиялик шаҳзоданинг вертолёти ҳалокатга учради

Саудиялик шаҳзода Мансур ибн Муқрин вертолёт ҳалокати оқибатида ҳалок бўлди, деб хабар берди Al Arabiya. Ҳалокат мамлакат жанубида Яман чегарасига яқин жойда якшанба куни содир бўлди.

Шаҳзода Саудия жануби-ғарбига уюштирган бир кунлик саёҳатидан қайтиб келаётган эди. Вертолёт бортида жами тўққиз киши бор эди. Саудия Арабистони қироллиги давлат телевидениеси қирол оиласи аъзосининг вафот этганини тасдиқлади. Асир вилояти губернатори ўринбосари бўлган шаҳзода билан бирга авиаҳалокатда бир нечта юқори мартабали амалдорлар, хусусан, вилоят пойтахти полициясининг бошлиғи ҳам бор эди. Ҳозирда фалокат сабаблари ўрганилмоқда.
5 ноябрь куни Коррупцияга қарши миллий қўмита 11 та шаҳзодани ҳибсга олди. Улар орасида қиролнинг жияни, миллиардер ва халқаро инвестор Ал-Валид ибн Талол ҳам бор эди. Forbes маълумотларига кўра, у дунёдаги энг бой инсонлардан биридир. Йил бошидан бери Саудия Арабистонида бир нечта шаҳзодалар оламдан ўтди. 17 август куни шаҳзода Бандар ибн Фадднинг ўлими ҳақида эълон қилинганди. 8 август куни эса шаҳзода Салмон ибн Абдуллоҳ оламдан ўтди.

back to top