Мянма ҳукумати тинчлик йўлида яна бир муҳим қадам ташлади

Мянмада ижтимоий тармоқдаги муҳокамалар ва жаҳон ҳамжамиятининг босими туфайли яна бир динлараро тадбир ўтказилди.
Ўтган ҳафта Янгондаги Маха Бандула боғида турли динга мансуб юзлаб инсонлар тўпландилар, деб хабар беради Al Jazeera.
Динлараро тадбирни Мянманинг ҳукмрон партияси – Демократия учун миллий лига «Мянмага тинчлик – динлараро дуолар тантанаси» шиори остида ўтказди.
Тадбир доирасида роҳиблар, имомлар ва руҳонийлар бир қатордан жой олиб ўтиришди, сўнг уларга сиёсатчилар ва давлат расмийлари ҳам қўшилишди. Диний раҳнамолар навбат билан нутқ сўзладилар, дуолар ўқидилар ҳамда жамиятни тотувлик ва уйғунликда яшашга чақирдилар.
Аммо танқидчилар бу ҳукумат томонидан халқаро ҳамжамият олдида ўз қиёфасини яхшилаш учун амалга оширилган пиар-қадамдир демоқдалар. Мянмадан Бангладешга қочиб ўтган роҳинжа мусулмонлари сони миллионга яқинлашмоқда. Бундай шароитда буддист руҳонийлар билан имомларнинг бир жойда ўтириши вазиятни яхшилай олмайди, дейишмоқда улар.