Исроил манбалари: Саудия Қуддусни Нетаньяхунинг режаларидан ҳимоялади

Исроил манбалари: Саудия Қуддусни Нетаньяхунинг режаларидан ҳимоялади

Исроил ОАВларининг маълум қилишича, Саудия Арабистонининг расмийлари АҚШни Нетаньяхуга босим ўтказиб, уни «Катта Қуддус» шаҳрини яратиш лойиҳасидан воз кечишга кўндиришга муваффақ бўлганлар.

Аввалроқ, октябрь ойида, Исроил ОАВларида Нетаньяху раҳбарлигида ишлаб чиқилган лойиҳа эълон қилинган бўлиб, унга кўра муқаддас шаҳарнинг ченгараларини ўзгартириш, шаҳарда демографик мувозанатни Исроил томонга оғдириш мақсадида унга яҳудийлар томонидан ноқонуний тарзда эгаллаб олинган ёндош ҳудудларни ҳам қўшиш режалаштирилган эди. Шу билан бирга Қуддуснинг ички мавзеларида ҳам яҳудийлар экспансияси давом этмоқда. Vatican Insider сайтига берган интервьюсида қуддуслик патриарх Теофилус III шундай деди: «Истилочилар Қуддусдаги черков мулкини ўзлаштириш учун айёрона усуллардан фойдаланмоқдалар. Август ойида Исроил суди Қуддус православ патриархатининг Эски шаҳардаги черков мулкини ўзлаштириб олган ўнг радикал Исроил гуруҳларидан бирига қарши даъво аризасини рад этди... Аммо нафақат православ черкови, барча черковлар хавф остида».
Патриархнинг таъкидлашича, сионистлар ҳукумати доим Қуддуснинг ҳар уч дин учун муқаддас шаҳар ўлароқ диний ҳамжиҳатлигига путур етказишга уриниб келади. Бу Исроил Кнессетининг 40 та депутати томонидан илгари сурилган Эски Шаҳардаги черков мулкларини маълум вазиятларда мусодара этишга рухсат берувчи қонун лойиҳасида ҳам яққол кўриниб турибди. Шу муносабат билан Патриарх Теофилус Рим Папаси Франциск, Иордания қироли Абдуллоҳ ва Фаластин мухториятининг расмий вакилларини зудлик билан учрашишга чақирди ҳамда улардан мадад сўради.
Патриархнинг айтишича, понтифик Муқаддас Шаҳарнинг кўпмиллатлилик, кўпмаданиятлилик ва кўпдинлилик мақомига путур етказишга ҳаракатларга чек қўйишга, шаҳарни ҳимоя қилишга чақирган. Исроилнинг ташаббусига кўра эса Эски Шаҳардаги учта араб мавзеси иҳоталаб қўйилиши ва шу орқали уларнинг Фаластин давлати билан бирлашувига тўсқинлик қилиниши керак эди. Янги экспансия режалари АҚШнинг Яқин Шарқдаги низони тинч йўл билан бартараф этиш борасида тинчлик ташаббуслари панасида амалга оширилмоқда. Исроил матбуоти, шунингдек ,АҚШ президенти Дональд Трапмнинг маслаҳатчиси ва куёви Жаред Кушнер, АҚШ президентининг Яқин Шарқдаги махсус вакили Жейсон Гринблатт ва АҚШ миллий хавфсизлик кенгаши директори Дина Пауэлннинг Саудия Арабистонига яширин ташриф буюрганини ёзмоқда. Айтилишича, бу ташриф давомида Фаластин-Исроил низосини тинч йўл билан ҳал этиш бўйича АҚШнинг янги тинчлик ташаббуслари муҳокама қилинган.
Исроиллик манба янги режани батафсил ҳикоя қилиб берди, унинг бош мақсади фаластинликларни 1967 йилдаги чегаралар ичида Фаластин давлатини қайта барпо этиш фикридан воз кечишларига эришишдир.
АҚШ эса ХАМАС ва ФАТҲ ҳаракатларига Ғазо секторининг назоратини Фаластин мухторияти ҳукуматига топширишни таклиф қилмоқда. Музокараларнинг кейинги босқичида уларга Миср, Иордания ва Саудия Арабистонини ҳудудий воситачилар сифатида қўшиш режалаштирилмоқда. Исроил манбаларининг таъкидлашича, айнан Саудия Арабистонининг позицияси туфайли АҚШ Исроилни «Катта Қуддус» лойиҳасини тўхтатиб туришга кўндирган. Америкаликлар билан учрашувда Қироллик вакиллари бу режа Фаластин мухторияти ва Исроил ўртасида музокараларни тиклашга тўсқинлик қилади деб америкаликларни ишонтиришган. АҚШ расмийлари эса Трамп Фаластин масаласини тинч йўл билан ҳал қилишга қатъий киришган дейишмоқда.

back to top