Саудия Арабистонини тушуниш учун…

Саудия Арабистонини тушуниш учун…

Саудия Арабистонида содир бўлаётган сўнгги жараёнлар Яқин Шарқдаги геополитик вазиятни тубдан ўзгартириши мумкин.

Бу жараёнлар, биринчи навбатда, ҳудуддаги энг кучли мусулмон салтанати сифатида Туркияни ташвишга солиши керак. Таътилини асосан Бодрумда ўтказадиган шаҳзода Ибн Талолнинг ҳибсга олиниши Туркияга қарши қаратилган деб ўйламанг: шунчаки, дунё атрофимизда айланади деган тасаввурлардан воз кечиб воқеалар марказида бўлиш вақти етди.
Чунки Яқин Шарқда содир бўлаётган ҳодисалар, хусусан, Саудия Арабистонидаги сиёсий жараёнлар жуда муҳим. Саудиялик 11 та шаҳзоданинг ҳибсга олиниши, Пентагон ҳимояси остидаги Ар-Риёд томон баллистик ракетанинг учирилиши ва бу воқеаларнинг бари 4 ноябрда содир бўлиши, сиз учун қандай, билмадим-у, мен учун тасодиф бўлиб туюлмаяпти.
— Саудия Арабистонини қиролликдаги олиймақом шахсларнинг ҳибсга олиниши ларзага солди. Нафақат шаҳзода Ибн Талолнинг қамоққа солиниши ва қирол оиласи қўриқчиларининг нуфузли қўмондони қўлга олиниши, балки, бошқа қатор шахсларнинг ҳам ҳибс этилиши бутун араб дунёсини лол қилиб қўйди. Ҳибслар «коррупцияга қарши кураш» баҳонасида ва шахсан валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмоннинг буйруғи билан амалга оширилди. Айтишларича, булар шаҳзоданинг тахтга йўлини очиш учун қилинган.
— Худди ўша куни Ливан бош вазири Саъд Ҳаририй Ар-Риёдда ўтказилган матбуот анжуманида Эрон ва «Ҳизбуллоҳ» томонидан хавф борлигига ишора қилиб истеъфо берди. «Мен отамнинг куни бошимга тушишини истамайман», – деди очиқчасига Саъд Ҳаририй. Унинг отаси, Ливаннинг собиқ бош вазири Рафиқ Ҳаририй 2005 йилда машинасида портлатиб юборилган эди. 2014 йилда тергов қотиллик ортида «Ҳизбуллоҳ» турган деган хулосага келди.
— Яна шу куни, 4 ноябрда, Саудия Арабистони пойтахтига ракета зарбаси берилди, уни қиролликнинг ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими ушлаб қолди. Ракета Яман ҳудудидан исёнчи хусийлар томнидан отилган эди.
— Ҳаририйнинг истеъфосига ўша пайтда Лондон сафарида бўлган Исроил бош вазири Нетаньяху биринчи бўлиб муносабат билдирди. У дунёни Эронни тўхтатиб қолишга ва унинг Сурияни иккинчи Ливанга, яъни «Ҳизбуллоҳ»га қарашли навбатдаги ҳудудга, айлантиришига тўсқинлик қилишга чақирди. Аввалроқ Нетаньяху Россия президенти В. Путин билан учрашганда Эронга хайрихоҳ қуролли гуруҳларнинг, «Ҳизбуллоҳ» ва Хашди Шабий жангариларининг Сурия-Исроил чегараларига яқин жойда тўпланганига эътибор қаратган ва бунга қаршилик кўрсатишга чақирган, акс ҳолда уларга қарата зарба беришини айтган.
— Эрон ўзига қаратилган айбловларга дарҳол жавоб қайтарди. Биринчи бўлиб Эрон Ташқи ишлар вазири Баҳром Қосимий Ҳаририйнинг истеъфосини шарҳлай туриб деди: «Бу сионистлар, АҚШ ва Саудия Арабистонининг навбатдаги асоссиз айбловларидир». Кейин Эрон олий раҳнамоси Али Хумайнийнинг ёрдамчиси шайхулислом Ҳусайн Ҳаририйнинг истеъфосини Трамп ва Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳамад ибн Салмоннинг биргаликдаги режаси деди.
Ушбу жараёнларнинг барини боғлаш учун бир муҳим детални унутмаслик керак: Саъд Ҳаририй истеъфосидан бир кун аввал Байрутда Хумайнийнинг махсус вакили Али Акбар Вилоятий билан учрашув ўтказганди. Худди ўша куни Вилоятий «Ҳизбуллоҳ» етакчиси Ҳасан Насрулло билан ҳам учрашди. Шулардан келиб чиқиб Ҳаририй бу учрашувлардан кейин мамлакатини тарк этишга ва Саудия Арабистонига йўл олишга мажбур бўлди деган хулосага келиш мумкин. Қироллик раҳбарияти билан учрашувдан сўнг у матбуот анжумани чақирди ва ўзининг Ливан бош вазири лавозимидан истеъфо беришини эълон қилди. Ҳозирча Туркия буни «Саудия Арабистонининг ички иши» деб баҳоламоқда. Эрдўғоннинг маслаҳатчиси НТВ телеканалида «араб тўлқинлари»ни қуйидагича шарҳлади:
«Фикрлаш тарзини қандай ўзгартириш мумкин? Улар шу йўналишда нималардир қилишмоқчи. Янги қиролнинг фаолиятига йўл очиш учун сиёсий ислоҳотлар ва тизим ичида ўзгаришлар қилишмоқда. Саудия Арабистони 2030 йилгача катта ўзгаришларни режалаштирган. Бу мамлакатда тинчлик ва хотиржамлик ҳукмрон бўлишига умид қиламиз».
Туркия мухолифати раҳбари ҳам араб жараёнларига совуққонлик билан муносабат билдирди:

— Яқин Шарқдаги танглик ортиши мумкин. Навбатдаги тартибсизлик ўчоғи пайдо бўлиши Туркия манфаатларига зид.
Вазиятни тўлиқ тушуниш учун муаммога уч томонлама ёндашув даркор.
— «Мусулмон биродарлар»: Мисрда ҳукумат тепасига «биродарлар»нинг келиши Саудия Арабистони бошлиқ кўплаб араб давлатларига ёқмади. Шундан кейин АҚШнинг мадади билан Қатарда сарой тўнтариши амалга оширилди ва ҳукумат тепасига Тамим Ат-Таний отасининг ўрнига келтирилди. Орадан бир ҳафта ўтиб Миср ҳурбий кучлари бош штаби етакчиси Абдулфаттоҳ Ас-Сисий раҳбарлигида бу мамлакатда «Мусулмон Биродарлар» ағдарилди. Миср хунтасига асосий мададни саудлар кўрсатдилар. 2013 йил Мисрда «биродарлар»нинг мағлубиятидан сўнг Сурияда ҳам уларнинг ҳамфикрлари томонидан Асад режимига қаршилик сусайди. Бу эса Ал-Қоида, Ан-Нусра ва ИШИДнинг кучайишига олиб келди. Айнан шу даврда АҚШ, Туркия, Саудия Арабистони ва Қатардан иборат коалиция ҳам тарқаб кетди. 2014 йилда «Мусулмон биродарлар» туфайли Саудия ва Қатар муносабатлари ёмонлашди, Анқара ва Вашингтоннинг муносабатлари эса PKK/PYD террорчилик ташкилоти туфайли хиралашди.
Бу ҳолат Эрон ва Россиянинг ҳудудда ўз мақомларини мустаҳкамлаб олишлари учун яхши замин бўлди. 2015 йили Эрон таъсирида Россия жанубга юрди. 2017 йил эса тарихда «Қатар инқирози» йили бўлиб қолди, чунки барча араб давлатлари Дохани ораларидан қувғин қилдилар. Анқаранинг фаол ҳарбий-иқтисодий мадади билан Қатар амири ўз ҳокимиятини сақлаб қолди ва «Мусулмон биродарлар»га ёрдамини аста-секин тўхтатишга муваффақ бўлди.
— Энди Саудия саройи ичида тозалаш ишлари олиб борилмоқда. Салмон қариди, ёш, бақувват, серғайрат янги қирол керак, токи у мамлакатни олов ичида қолган ҳудуддан олиб чиқиб кета олсин. Улкан углеводород захираларига эга мамлакатга янгича бошқарув керак.
— Ташқи душман фактори ва Эроннинг роли: «биродарлар» билан ички уруш, шаҳзодалар ва йирик аширотлар раҳбарлари ўртасидаги низолар жамиятни ҳамжиҳат қилишга халақит беряпти ва ислоҳотлар йўлига тўғаноқ бўляпти. Шунда ташқи душман вазиятга аралашиш имконига эга бўлади. Душман тайёр, остонада турибди, бу доим ҳозиру нозир Эрондир.
Хулосалар қуйидагича: саудлар ҳокимияти террорчилик гуруҳларига мадад беравериб охирида ўзи уларнинг нишонига айланади, бошқа томондан улар нефть даврининг охирига етиб келдилар ва энди нефтга суяниб бўлмаслигини англаб етдилар. Шу сабабли ортида нефть долларлари турган ваҳобийлик ғояларини тарғиб қилишдан воз кечдилар.
Табиийки, бу жараёнлар Туркияга, нафақат Туркияга, Болқондан тортиб Кавказгача, Африкадан тортиб Марказий Осиёгача бўлган Евроосиёнинг ваҳобийлик тармоқлаб кетган барча бурчакларига ўз таъсирини кўрсатади. Ар-Риёд уларни қўллашни бас қиладими, Вашингтон-чи? Нефть даври тугайдими? Нефть ва газ кўп, бу давр тугамайди демоқчимисиз?
Хонимлар ва жаноблар, тошлар ҳам кўп, аммо тош даври ортда қолди…

back to top