«Йил имоми» кўрик танлови бўлиб ўтди

«Йил имоми» кўрик танлови бўлиб ўтди

Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси мажлислар залида "Йил имоми" кўрик танлови республика босқичи бўлиб ўтди. Тадбир анъанага кўра Қуръони карим тиловати билан бошланди.

«Мунаввар қори» масжиди имом ноиби Абдулқодир қори тиловат қилди. Сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг муовини шайх Абдулазиз Мансур дуо қилдилар.
Имом-хатиблар 7 йўналиш бўйича ўзларини синаб кўриди:
1. Қуръони Каримдан уч оят тиловат қилиб, унинг нозил бўлиш сабабларини айтиш ва тафсир қилиш
2. Маънавият ва маърифат йўналишидаги саволлар
3. Экстремистик оқимлар тўғрисидаги саволлар
4. Фиқҳга оид саволлар
5. Ислом тарихига оид саволлар
6. «Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя» китоби асосидаги саволлар
7. ОАВдаги ва маърифий тадбирлардаги фаолият.
Имомларнинг жавоблари 70 баллик тизим бўйича баҳоланди. Иштирокчилар аввало рақамлар ёзилган қоғозларни тортиб, ўз чиқиш навбатларини рақамлар тартибида аниқлаб олишди. Шундан сўнг тартиб бўйича чиқиб, ҳакамлар ҳайъати столидан саволлар солинган конвертлардан бирини олиб, махсус ажратилган жойга ўтириб, ундаги билет рақамини эълон қилишди ва саволларни бирма-бир ўқиб, жавоб беришди.
Ҳакамлар ҳайъати ҳар бир саволга берилган жавоб учун энг юқори 10 балл ҳамда камида 2 балл қўйиш билан баҳолашди.
Танлов натижасига кўра, Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани «Оқилон» жоме масжиди имом-хатиби Исомиддин Аҳроров биринчи ўринни қўлга киритди, унга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг биринчи даражали дипломи ва ноутбук топширилди. Тошкент вилояти Қибрай тумани «Саъдулла ота» жоме масжиди имом-хатиби Обиджон Мирҳамидов иккинчи ўринни қўлга киритди, унга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг иккинчи даражали дипломи ва телевизор тақдим этилди. Навоий вилояти Нурота тумани «Чил Устун» жоме масжиди имом-хатиби Жамолиддин Мубинов учинчи ўринни қўлга киритди, унга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг учинчи даражали дипломи ҳамда кичик иситгич берилди.
Шунингдек, ғолиб ва иштирокчиларга кўрик танлов ҳомийлари – Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамғармаси, «Мовароуннаҳр» нашриёти ва Тошкент шаҳридаги «Қўйлиқ ота» жоме масжиди томонидан ҳам қимматбаҳо совғалар топширилди.
Аллоҳ таоло танлов ғолибларига ушбу юксак эътирофни муборак қилиб, барча иштирокчиларга динимизни етказиш йўлидаги хизматлари учун битмас-туганмас ажру мукофотлар ато этсин!

 

back to top