Ўн яшар Тоҳирага болалигини ким қайтариб беради?
Тоҳира Бегим бетоб ота-онаси ва тўрт нафар укасининг маиший эҳтиёжлари учун олов ёқиш мақсадида ҳар куни бир неча километр йўлни босиб шох-шабба йиғиб келади.
Энг қийини – елкада оғир юк билан ортга қайтиш. Бу 10 яшар роҳинжа қизча учун бажариш деярли имконсиз вазифа. «Оиламизга ҳеч ким ёрдам бермагани учун шундай қиламан. Ота-онам иккиси ҳам бетоб, улар бировнинг ёрдамисиз ҳаракатлана олмайдилар», – ҳикоя қилади Тоҳира Бангладешдаги мянмалик қочқинлар лагерида жойлашган брезент чодир остида сабзавотларни майдалар экан. Қолган шох-шаббаларни Тоҳира лагерда пайдо бўлган бозорчада пуллайди.
Бундан ташқари, лагерда ягона қудуқдан сув келтириш ҳам унинг вазифасига киради, деб хабар беради IslamNews сайти Rappler нашрига таяниб. Баъзан синглиси ЮНИСЕФ ҳомийлигида ташкил этилган «болалар ҳудуди»га Тоҳирани бирга боришга кўндиради. У ерда болалар расм чизишлари ва китоб ўқишлари мумкин. Аммо 10 яшар муслима тўшакка михланган ота-онаси ва укалари учун масъулиятни ҳис қилгани сабаб, «болалар ҳудуди»да узоқ қололмайди, гарчи комикслар ўқишни жуда ёқтирса ҳам.
Айни дамда Бангладешдаги одам зич жойлашган лагерларда камида 1400 ёш бола оиласининг ягона боқувчиси саналади. БМТнинг маълумотларига кўра, Бангладешдаги роҳинжа қочқинлари лагерларида 7,5% болалар қаттиқ очлик туфайли ўлим ёқасида турибди.



