Туркия Бангладешда роҳинжа мусулмонлари учун 24 мингта уй қуриб беради
Туркия Диний жамғармаси (TDV) Бангладешда роҳинжа мусулмонлари учун 24 мингта уй қуриб беришни режалаштирмоқда, дея хабар беради “Анадўлу” агентлиги TDV бош директори Мустафо Тутқунга таянган ҳолда.
Унга кўра, TDV шу вақтнинг ўзида Аракандан келган 150 минг нафар роҳинжа мусулмонларига инсонпарварлик ёрдами кўрсатган.
“Туркия Бангладеш расмийларига мурожаат қилиб, турар-жой бинолари қуриш учун ер участкалари ажратиб беришни сўради. Ҳозирча лойиҳа расман маъқулангани йўқ, бироқ ер майдони ажратиб берилди”, - деди Тутқун.
Айни пайтда ушбу участкада муваққат чодирлар ўрнатилган бўлиб, уларда 600 та оила жойлаштирилган, деди бош директор.
Унга кўра, инфратузилмаларни барпо этиш ва узунлиги 13 километрлик йўлни ётқизилгандан сўнг қурилиш бошланиши режалаштирилган.
“Қурилиш ишлари бошланиши апрелга режалаштирилган. Маҳаллий аҳоли бўлажак шаҳарча учун ном ҳам топиб қўйдилар – Турк тепаси (Türk Tepesi)”, деди Тутқун.
TDV 2012 йилда инқироз бошланганидан бери Араканда ўз лойиҳаларини амалга ошириб келмоқда. Хусусан, ичимлик суви муаммосини ҳал қилишга уринмоқда, деди бош директор.
Мянманинг шимолидаги Аракан провинциясида истиқомат қилаётган мусулмонларга ҳужумлар 25 августда кучайиб кетди ва “қуролланган жанггариларга қарши кураш” баҳонасида амалга оширилди. Минтақадаги гуманитар вазият кескин тарзда ёмонлашиб кетди. Аракандан Бангладешга қочиб кетган одамлар сони 607 минг кишига етди.



