Исроилнинг қилмишларидан энг кўп фаластинлик болалар азобланмоқда
Маҳмуд Аббос Фаластиннинг босиб олинган ерларида Исроил олиб бораётган сиёсатни танқид қилди.
Исроилнинг фаластинликлар ҳуқуқларини поймол этишидан ҳаммадан кўп болалар азобланмоқда, деди Фаластин президенти Маҳмуд Аббос Қувайтдаги халқаро симпозиумда.
«Исроилнинг инсон ҳуқуқларини топташи туфайли фаластинликлар дуч келаётган муаммолар» мавзусидаги симпозиум Араб давлатлари лигаси котибияти томонидан ташкил этилди.
«Исроил давлати Фаластиннинг истило этилган ерларида ташкил топган. 2009 йилда исроилликлар болалар ва ўсмирларга мўлжалланган махсус судлар ва қамоқхоналар жорий этдилар», – деди Аббос.
Аббоснинг сўзларига кўра, Фаластин ҳукумати аёллар ва болаларга ёрдам бериб, халқаро ҳуқуқ меъёрлари асосида ҳаракат қилмоқда.
2015 йилда Исроил парламенти мамлакат қонунчилигига ўзгартиришлар киритди. Уларга кўра, энди судлар болаларни 12 ёшдан бошлаб қамоқ жазосига ҳукм этиши мумкин.
Фаластин томонининг маълумотларига кўра, ҳозирда Исроил қамоқхоналарида етти мингга яқин фаластинлик мавжуд бўлиб, уларнинг 57 таси аёллар ва 300 таси болалардир.



