БАА вазири Европада терроризм ва экстремизм авж олиб бораётгани сабабини айтди
БАА ҳукумати аъзоси Германия ҳуқуқ-тартибот органларига экстремизм ва терроризмга қарши янада самарали курашиш борасида тавсиялар берди.
БАА тоқатлилик вазири шайх Нахан Ал-Нахан Германия ҳукумати томонидан масжидлар ишининг тўғри мониторинг қилинмаслиги ушбу Европа мамлакатида эктремизм ва терроризмнинг авж олишига олиб келди, деди.
«Масжидни очиқ қолдириб, у ерга истаган инсон кириб даъватлар қилишига йўл қўйиш керак эмас. Бунинг учун махсус лецензия талаб қилиниши керак», – деди Ал-Нахан, деб хабар тарқатди The Local нашри.
Вазирнинг сўзларига кўра, ибодатхоналарни назорат қилишда худди шундай муаммо Франция ва Буюк Британияда ҳам мавжуд.
«Биз доим ўз ёрдамимизни таклиф қилиб келамиз, одамларга йўл-йўриқ кўрсатиш ва уларни ўқитишга доим тайёрмиз», – деди Ал-Нахан ва ҳозирча биронта Европа мамлакати бундай ёрдам таклифини қабул қилмаганини қўшимча қилди.
Таъкидлаш жоиз, Амирликларда масжидлар ҳукуматнинг қатъий назорати остида, махсус хизматлар диний фаолиятни назорат қилиш учун кенг ваколатларга эга.



