Мянма ҳукумати роҳинжалар яшайдиган ҳудудга инсонпарварлик ёрдами киритишга рози бўлди
Мянма ҳукумати халқаро инсонпарварлик ёрдамини Араканга киритишга рози бўлди. Бу ҳақида Малайзия бош вазири, айни пайтда Манилада бўлиб ўтаётган Жануби-Шарқий Осиё давлатлари Ассоциацияси (АСЕАН) саммитида иштирок этаётган Нажиб Раззоқ маълум қилди.
«Мянма давлат маслаҳатчиси ва ташқи ишлар вазири Аун Сан Су Жи апрелда бўлиб ўтган аввалги учрашувдан фарқли тарзда бу сафар бизнинг ташаббусимизга ижобий қаради», – деди бош вазир. Унинг сўзларига кўра, Мянма сиёсий раҳбари «Ракхайнга халқаро ёрдамни киритишга рози бўлган».
«Шунингдек, у муаммонинг туб моҳиятини аниқлаш ва ишонч ҳамда уйғунлик принциплари асосида уларни ҳал этиш ташаббусини қўллаб-қувватлашга ваъда берди», – деди Нажиб Раззоқ.
Бундан ташқари, бош вазирнинг маълум қилишича, Аун Сан Су Жи роҳинжа қочқинларини Мянмага қайтариш бўйича Бангладеш билан музокаралар олиб борилаётганини ҳам айтган.
БМТнинг баҳолари кўра, роҳинжалар дунёдаги энг кўп тазйиққа учраган миллий озчилик саналади. Кўплаб мусулмонлар Араканда узоқ йиллардан бери яшаб келаётганига қарамай, Мянма ҳукумати уларнинг фуқаролигини тан олмайди.



