АҚШ ИШИДни рақибларига қарши қўллаяпти
Туркиялик мутахассислар АҚШнинг Яқин Шарқдаги сиёсатини шарҳладилар.
АҚШ вақти-вақти билан ИШИД террорчилик ташкилотидан рақибларининг ҳудуддаги позицияларини заифлаштириш мақсадида фойдаланиб келган.
ИШИДнинг PYD (РККнинг Суриядаги тармоғи) билан Раққадан жангариларни олиб чиқиб кетиш тўғрисидаги яширин келишуви деталларини ўрганиб чиққан мутахассислар шундай хулосага келишди.
Мутахассислар ушбу вазият Вашингтоннинг ИШИД билан кураш борасида самимийлигини жиддий шубҳа остига қўяди, деб ҳисобламоқдалар.
Яқин Шарқ стратегик ҳамкорликлар маркази (ORSAM) эксперти Ойтун Ўрхоннинг «Анадолу» агентлигига берган маълумотига кўра, Сурияда Башар Асад режими ва АҚШ томонидан қувватлаб келинадиган PYD террорчилари ўртасида мамлакат шарқидаги ва Сурия ҳамда Ироқ чегарасидаги нефть конлари учун қаттиқ кураш кетди.
Унинг сўзларига кўра, сўнгги пайтларда Асад режими PYDдан бир қадам олдинда кетмоқда, чунки у Дайр аз-Зор устида назоратни қўлга олди.
«Тахминимча, ҳозирги пайтда АҚШ ва YPG (PYDнинг ҳарбий қаноти) Асад режими ва Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган кучлар ўртасида жиддий низо чиқишига умид қилган ҳолда Раққадаги жангариларни шу ҳудудга жўнатмоқчи. Бошқа томондан, бу уларга Раққани ҳеч бир жангсиз қўлга киритиш имконини берган бўлар эди», – деб ҳисоблайди Ойтун.
Мутахассис ИШИД ва YPG турли сабабларга кўра, ҳар хил сиёсий мақсадларни кўзлаган ҳолда ҳаракат қилишига, шу сабабли улар орасида ҳамкорлик ҳозиргидек фақат тактик даражада амалга ошиши мумкинлигига эътиборни қаратди. Айни пайтда, турк профессори Эрсин Ўлдураннинг айтишича, АҚШда Вьетнам урушидан бери бошқа мамлакатга ҳарбий кучларни жўнатиш баҳсли масала саналади.
«Хотирам панд бермаса, сўнгги марта АҚШ ўзининг 250-300 минг ҳарбийларини Ироққа жўнатди ва бу иш хайрли якун топмади. Шу туфайли Вашингтон ҳозир у ёки бу масалани маҳаллий кучлар ҳисобига ҳал қилишга уринадиган бўлиб қолган», – деди профессор. Унинг сўзларига кўра, ҳозир АҚШ ўзига у ёки бу даражада ёрдам кўрсатишга тайёр Суриядаги курдларидангина фойдалана олади.
«АҚШ учун бу гуруҳлар кимнинг манфаатини ҳимоя қилиши қизиқ эмас. Вашингтон агар жуда чуқурлашса, бу ерга ўз ҳарбийларини жўнатиши керак бўлиб қолишини яхши тушунади, буни у истамайди», – деди Ўлдуран.



