Ироқнинг Киркук шаҳри кўчаларидан бетон тўсиқлар олиб ташланади
Тўсиқлар шаҳарда зўравонлик авж олгач, 2003 йил ўрнатилган эди.
Ироқнинг Киркук шаҳрида бундан бир неча йиллар аввал хавфсизлик нуқтаи назаридан ўрнатилган бетон тўсиқлар олиб ташланади, деб хабар берди Терроризмга қарши кураш иккинчи полки қўмондони Маън Ас-Саъдий.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирда маҳаллий аҳолининг илтимосига кўра бу борада Киркук раҳбарияти билан яқин ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.
«Бундан бир неча йил аввал шаҳарда ўрнатилган ва ҳаракатланишга халақит бераётган бетон блоклар олиб ташланади. Иш Киркук губернатори маъмурияти биносидан 200 метр узоқликда жойлашган тўсиқларни бузишдан бошланади», – деди Ас-Саъдий.
Унинг таъкидлашича, маҳаллий аҳоли бу қарорни хурсанд қабул қилган, чунки энди улар шаҳар кўчалари бўйлаб бемалол ҳаракатланишлари мумкин.
«Шаҳарда хавфсизлик эски усуллар билан эмас, видеокузатув камералари ва разведка воситасида таъминланади», – деди қўмондон.
Киркукда зўравонликлар авж олгач 2003 йил кўплаб кўчаларда бетон тўсиқлар ўрнатилган эди.



