Индонезияда машина тўхташ жойи ходими қашшоқ оилалар учун мактаб қурди
Мактада кам таъминланган оилаларнинг 200 нафар фарзанди таълим олади.
42 ёшли Унданг Суряман ёшлигида ўзи таълим ола олмаган. Шу сабабли камбағал оилалардаги бошқа боалларга ёрдам бериш учун ўзининг бир умрлик орзусини рўёбга чиқарди, деб хабар беради Channel News Asia.
Баъзида ҳатто оиласи учун ҳаражатлардан ҳам чегириб қолиб у камбағал оилалар учун қураётган мактабига маблағ сарфлади. Мактабда дарсликлар ва ўқитувчиларга маош хайрия маблағлари ҳисобидан берилади. Баъзида ходимларга маош учун пул етмай қолади.
Эрталаблари мактабгача ёшдаги болалар ушбу ўқув даргоҳига келиб таълим оладилар. Кундузги ва кечки дарслар эса асосан бошланғич синф ўқувчиларига мўлжалланган бўлиб, кўпроқ диний билимларга эътибор қаратилган.
Унданг бу ишда ўзини доимо қўллаб-қувватлаб келган аёли Яни Новитасари билан мактаб учун молиялаштириш манбаларини топиш ҳамда бошланғич таълим учун лицензия олишни режалаштирмоқда.
Таъкидлаш жоиз, Унданг Суряман ўз вақтида мактабни ташлаб ишлашга мажбур бўлган эди. Қандай қилиб бўлса ҳам билим олиш мақсадида у автотураргоҳга ходим бўлиб жойлашди ҳамда ўқитувчилар ва талабалар билан кўпроқ мулоқот қилиб, иложи борича билим олишга интилди. Меҳрибонлиги учун уни “Жек биродар” деб аташган эди. Мана 23 йилдирки у Паджажаран университети автотураргоҳида ишлайди.






