Остонaда диний билим ва кадрлар тайёрлаш маркази очилди
16 Ноябрь куни Қозоғистон пойтахтида Бош муфтий Ержон ҳожи Малғажиўғли иштирокида Диний билим ва кадр тайёрлаш маркази очилди.
Марказнинг очилиш маросимига ҚР Дин ишлари ва фуқаролик жамияти вазирининг ўринбосари Берик Орин, бир гуруҳ зиёлилар, олимлар ва дин арбоблари иштирок этишди.
Марказнинг очилиш маросимида Бош муфтий Ержон ҳожи Малғажиўғли: “Биз ҳозир «ХХІ асрнинг энг яхши зиёли имоми» лойиҳасини амалга оширмоқдамиз. Мақсадимиз – диний ва дунёвий билимларни ўрганган энг яхши имомлар гуруҳини шакллантириш. «ХХІ асрнинг энг яхши зиёли имоми» даражасини Диний идоранинг талабидан ўтган имомларгина олишади. Ҳозир бу ерда республика бўйича туманлардан келган 60 нафар имом билим олмоқда. Улар икки ойлик курсдан ўтишади. Диний билим ва мутахассис тайёрлаш марказида мамлакатимизнинг таниқли олимлари, профессорлар, докторлар, ўз касбининг етук мутахассислари томонидан ўқитилади. У устозларни махсус комиссия танлаб олди”, – деб қайд этди.
Марказ ҳомий шахслар ёрдами ила қурилган. Икки қаватли бинода дарсхона, ошхона ва ётоқхона мавжуд. Билим ўрганишни хоҳлайдиган имомлар учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Бугунги кунда касбий билим олаётган 60 имом Қуръон, ҳадис илмлари билан бирга нутқ санъати (сўз усталиги), бухгалтерлик ҳисоб-китоб юргизиш, дин арбобининг этикаси, ҳалол стандарт, психология, динлар тарихи, диний ихтилоф масалалари каби фанлардан дарслар ўтилмоқда.
Таъкидлаш жойизки, ҚМДБ томонидан (Қозоғистон мусулмонлар дин бошқармаси) қишлоқ ва туманлардаги имомларнинг билим даражасини, касбий маҳоратини ошириш мақсадида ўтган йили вилоят марказларида 204 та семинар ташкил этилган. Унда 2968 та дин арбоблари иштирок этишган. Олматадаги имомлар билимини такомиллаштириш Ислом институтидаги 2 ойлик курсда эса 270 та имом билими ва тажрибасини орттирди.



