Буюк Британия мусулмонлари уйсизларга кийим-кечак бермоқда
Human Appeal Буюк Британия диний хайрия ташкилоти Манчестер, Бирмингем ва Глазгодаги уйсиз инсонларга қишки кийимлар улашмоқда. Акция Wrap Up (инглизча «ўрамоқ») номи остида ўтмоқда, деб хабар беради Independent нашри.
«Биз, Human Appeal, нафақат инсонпарварлик ёрдамига муҳтожларга ёрдам қўлини чўзмоқчимиз, балки илиқликка ўта муҳтожларнинг қўлларини меҳр билан ўрамоқчимиз», – дейилади акция пресс-релизида.
Фонд ирқи, дини ва жинсидан қатъий назар, бутун дунёдаги муҳтожларга ёрдам беришни ният қилиб олган.
Инсонпарварлик фонди қишки кийимлар йиғиш ҳақида эълон қилди. Жами 21 минг қишки курткалар йиғиш ва тарқатиш режалаштирилган. Курткалар Hands On London ташкилоти орқали уйсизларга тарқатилади.



