Икки черков ва бир масжид таҳдид қилинди
Полиция Дирборн шаҳрида шубҳали сумка топгач, Американинг Мичиган штатидаги икки черков ва бир масжид ўз хавфсизлик чораларини кучайтиришга мажбур бўлди.
Полициячилар Дирборннинг одам гавжум хиёбонларидан биридаги майса устидан эгасиз сумкани топиб олди. Унинг ичида ўқотар қурол, икки черков ва масжиднинг харитаси ҳамда зўравонлик таҳдиди акс эттирилган мактубча бор эди. Сумка ичидаги нарсалардан таҳдид пресвитериан черковига, лютеран жомесига ва Билол масжидига қаратилганди, деган хулосага бориш мумкин, деб ёзади IslamNews сайти Fox2Detroit нашрига таяниб.
Бу ҳақиқий таҳдидмиди ё кимнингдир қўпол ҳазилими – ҳозирча тергов буни аниқлай олгани йўқ, аммо ҳар учала диний бино атрофида хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Текширув ишларига ФҚБ ҳам қўшилди. Билол масжиди атрофида полиция қўриқчилик қиляпти, теракт эҳтимоли туфайли масжидга келувчилар сони ҳам камайган.



