Курд масаласи ёки дарди бедаво

Курд масаласи ёки дарди бедаво

Ҳаммага маълумки, 1990 йил Ироқ диктатори Қувайтга бостириб кирди ва бу билан Яқин Шарқда узоқ муддатли қонли урушни бошлаб юборди.

Саддамнинг 1990 йил Қувайтга бостириб кириши ортидан НАТО коалицияси ўз иттифоқчиларини (араб подшоҳларини) ҳимоя қилиш баҳонасида ҳудудга кўпсонли армиясини киритди ва амалда бутун Яқин Шарқни эгаллаб олди.
Кейин қисқа муддат ичида Ғарб Қувайтни Ироқдан тортиб олди, НАТО авиацияси эса пойтахт Боғдодга бомба ёғдирди. АҚШ махсус хизмати шиалар ва курдларни қўзғаб, Ироқнинг турли ҳудудларида Саддам тузумига қарши исёнлар кўтарди. Бу мамлакатни ичдан емириш учун қилинди.
Жанубда бош кўтарган шиаларни Саддам қисқа муддатда бостирди, шимолда эса Ғарб курдларни ишга солди. Мамлакатнинг шиа аҳолиси яшайдиган Карбало ва Нажаф шаҳарларидаги исёнлар бостирилгач, Саддам армияси курдларни жиловлаш учун шимолга йўл олди. Айнан ўша йиллари Ироқ шимолининг асосий шаҳри Эрбил Жалол Талабоний кучлари назорати остида эди. Курд мухториятининг ҳозирги раҳбари Масъуд Барзоний гуруҳи у пайтлар Талабоний гуруҳи билан ёвлашарди. Ироқ армиясининг Эрбилга ҳужуми пайти Барзоний жангга аралашмади ва Саддам армияси курдларнинг бошқа қабиласини қандай қираётганини томоша қилиб турди.
Айнан Эрбилдаги жанглар пайти Масъуд Барзоний Боғдодда диктатор Саддам Ҳусайн билан учрашди. Орадан ҳеч гап ўтмаганадек, қучоқлашиб, ўпишиб кўришдилар.
Эслатиб ўтамиз, бу учрашув Саддам Ҳусайн Ироқ шимолидаги курдларнинг Ҳалабжа шаҳрини кимёвий газ билан йўқ қилиб юборгандан бор-йўғи икки йил ўтиб содир бўлди. Ўша пайтда Ҳалабжага кимёвий ҳужум Ироқ ҳарбий кучларининг «Ал-Анфол» (маъноси – «ўлжа») номли курдларга қарши амалиёти бир қисми эди. У Ироқ шимолида 1987–1989 йилларда ўтказилган.
Орадан 30 йил ўтиб айнан ўша Масъуд Барзоний Ироқ шимолидаги Курд мухториятини ажратиб олиб, мустақиллик эълон қилишга уринганида воқеалар такрорланди. Бу сафар талотўплар арафасида оғир касалликдан ҳалок бўлган Талабонийнинг жангарилари Киркук шаҳрини Ироқ армиясига жангсиз топширди ва араблар ҳамда эронликлар пешмергаларни сиқиб чиқариб олға кетаётганларига томошабин бўлиб турди. Жараён «Барзонийни нефть қувурларидан маҳрум этиш» амалиёти якунлангунгача давом этди.
Энди Боғдод Барзонийдан Туркия ва Эрон чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктларининг ва божхона терминалларининг назоратини талаб қилмоқда. Чунки айнан шу нуқталар орқали Курд мухторияти катта даромадлар олади.
Тарих такрорланмоқда ва сурункали касалликка айланган «курд муаммоси» ирсий табиатга эга бўлиб, ҳеч даволанмаслигини кўрсатмоқда. Айниқса, касалликка чалинганларнинг ўзлари бундан роҳатланиб, шу билан яшашни истаб турганларида.

back to top