Швейцарияда Исломни расмий дин сифатида тан олиш таклиф этилмоқда
Бугунги кунга келиб Швейцарияда 240 га яқин масжидлар фаолият кўрсатади.
Швейцария Социал-демократлар партияси етакчиси Кристиан Левра Исломни мамлакатдаги расмий диний оқимлар қаторига қўшишни яна бир бор таклиф этди.
«Швейцарияда 400 минг мусулмон истиқомат қилади, улардан 160 минги Швейцария паспортига эга. Ислом бизнинг мамлакатимизда яшамоқда», – деди Левра Sonntags Zeitung газетасига берган интревьюсида.
Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда Швейцарияда 240 мингга яқин масжидлар бор ва улардан айримларининг жамоати радикализмга мойил.
«Ҳар икки томон ҳам бир-бири билан муроса учун қадам ташлаши керак», – деди Левра.
Сиёсатчининг сўзларига кўра, Швейцария Социал-демократлар партияси Исломни расмий диний оқим деб эълон қилинишини истайди, партиянинг айрим аъзолари шу муносабат билан махсус «йўл харитаси» ҳам ишлаб чиқмоқдалар.
Туркиянинг дин ишлари бўйича Бошқармаси ишларини шарҳлай туриб, партия раҳбари Туркия томонидан Швейцариядаги айрим масжидларнинг молиялаштирилишини ёқлаши ҳақида айтди.
Унинг сўзларига кўра, турк имомларининг фаолиятига тақиқлар қўйилиши туфайли юзага келган бўшлиқни ваҳобийлар, салафийлар каби радикал оқимлар эгаллаши мумкин.
«Шунинг учун Туркиянинг таъсири маъқулроқ деб биламиз», – деди Левра.
«Ислом Швейцариянинг расмий дини сифатида ўтган йилнинг августидаёқ тан олиниши керак эди», – деди сиёсатчи.
«Агар Ислом Швейцарияда расмий диний оқим деб тан олинганида, диний таълим ва уламолар фаолиятини молиялаштириш хориждаги экстремистлар эмас, Швейцария ҳукумати томонидан амалга оширилган бўлар эди», – деди Левра.
Сиёсатчининг фикрича, бу масалани тубдан ўрганиб чиқиш керак.



