АДЛ: Араб давлатлари Эрон билан урушмайди
АДЛ БМТ Хавфсизлик кенгашига араб давлатларининг ички ишларига Эроннинг аралашувидан арз қилиб мурожаат этиши мумкин.
Араб давлатлари Лигаси (АДЛ) бош котиби Аҳмад Абу Ғайт бугунги кунда араб давлатларининг Эрон билан ҳарбий зиддият режалари йўқлигини маълум қилди.
АДЛга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирларининг Қоҳирада бўлиб ўтган тезкор йиғилиши натижаларига доир матбуот анжуманида сўзга чиққан Абу Ғайт АДЛ БМТ Хавфсизлик кенгашига Эроннинг сиёсати борасида мурожаат тайёрлаётганини айтди.
«АДЛ Эроннинг араб давлатлари ишига аралашаётгани юзасидан БМТ ХК га мурожаат этиши эҳимоли бор, аммо ҳозирча бу масала юзасидан якуний қарор қабул қилинмади», – деди Абу Ғайт.
Бош котиб, шунингдек, ТИВ раҳбарлари баёнотида Ливаннинг Эронга хайрихоҳ «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати «террорчи ташкилот» деб тан олинганини маълум қилди.
Кўплаб араб давлатлари вакиллари Эронни Ямандаги «Ансаруллоҳ» жангарилари (хусийлар)га ракета етказиб беришда айбладилар ва араб давлатларини Теҳроннинг ҳудуддаги сиёсати борасида якдил бўлишга чақирдилар. Фақат Ливан делегацияси вакиллари «Ҳизбуллоҳ»га нисбатан бундай баҳо берилишига ва ҳаракат аъзоларининг Ливан ҳукуматидаги иштироки борасидаги фикрларга қарши чиқдилар.
Дипломатик манбаларнинг таъкидлашича, Ливан ташқи ишлар вазири Жиброн Басил кенгашдан аввал 10 та араб давлатларидан келган ҳамкасблари билан музокара қилиб, уларнинг Ливан ички ишалрига аралашуви мумкин эмаслигини таъкидлаганди.
Ўз навбатида, Ироқ вакиллари ҳам «Ҳизбуллоҳ»нинг террорчи ташкилот деб тан олинишига ва Теҳроннинг қораланишига қарши чиқдилар.
Айни пайтда, Баҳрайн ташқи ишлар вазири шайх Ҳолид ибн Аҳмад Халифа «Ҳизбуллоҳ»ни араб давлатларининг ички ишларига аралашувда айблади. «Ҳизбуллоҳ» Сурия, Яман ва Форс кўрфазидаги бошқа қатор мамлакатларнинг ички ишларига аралашаётгани ҳақида далиллар бор. Бундан ташқари, «Ҳизбуллоҳ» Эроннинг араб давлатларида беқарорликни юзага келтириш ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди», деди Халифа.



