Швейцария аҳолисининг фақат 14 фоизи мусулмонларга салбий муносабатда

Швейцария аҳолисининг фақат 14 фоизи  мусулмонларга салбий муносабатда

Ирқчиликка қарши кураш хизмати Швейцарияда 2016 йилги ирқчилик ҳақида доклад эълон қилди.

Швейцариянинг 14 фоизга яқин аҳолисигина мусулмонларга нисбатан салбий муносабатда, дейилади Швейцариянинг ирқчиликка қарши кураш хизмати докладида.
Доклад сўзбошисида Швейцария ички ишлар вазири Ален Барсенинг мамлакат турли маданиятлар ва элатлардан ташкил топгани, аммо негадир биринчи навбатда мусулмонлар, қора танлилар ва тураржойи йўқ инсонлар ирқчилик қурбонига айланаётгани ҳақидаги гаплари берилган.

Доклад муаллифлари ирқчиликнинг таълимга, турмуш тарзига, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳуқуқлар, фуқаролик олиш жараёнлари, сиёсий ҳаёт ва ўта ўнг қарашларнинг шаклланишига таъсирини муфассал баён этганлар. Бундан ташқари, исломофобия, қора танлиларни камситиш ва антисемитизм муаммолари алоҳида-алоҳида батафсил кўриб чиқилган.
Докладда, шунингдек, Швейцария Федерал статистика бошқармасининг ўтган йили амалга оширган сўровномаси натижалари ҳам киритилган бўлиб, унда миллалар ва элатларнинг бирга яшаши масалалари эътибор марказида тутилганди. Сўров натижаларига кўра, иштирокчиларнинг кўпчилиги ирқчиликни Швейцариянинг энг катта муаммоси деб баҳолаган.
Сўралганларнинг чорак қисми фикрига кўра, бошқа миллат вакиллари иш жойида ноқулайлик туғдиради, ҳар бештадан биттаси эса уларга қўшни бўлишни истамайди. Шу билан бирга, ҳар бешинчи респондент сўнгги 5 йил давомида ишхонада ёки иш қидириш жараёнида ирқчилик муаммосига дуч келганини айтган.
18 фоиз швейцарияликлар мухожирларни хавф манбаи сифатида кўради. 95 фоиз сўралганлар африкаликларга қарши эмаслигини, 96 фоизи эса яҳудийлар томонидан бирон хавф сезмаслигини айтган. Аммо фақат 91 фоиз респондентлар мусулмонларга нисбатан хайрихоҳлигини билдирган.
Сўровнома натижаларига кўра, 14 фоиз шаҳарлар аҳолиси ва 22 фоиз қишлоқ жойларда яшовчилар мамлакатдаги мусулмонларга нисбатан адоватли кайфиятда экани маълум бўлди.

back to top