Эрдўғон: ИШИД маҳв этилган бўлса, нега Сурияга қурол ортирган юк машиналари жўнатиляпти?
Енгилмас деб аталган ИШИДнинг аслида ҳеч нарсага арзимас заиф ташкилот эканини Туркия бутун дунёга кўрсатяпти.
Yenicag.Ru нинг «Анадолу»га таяниб маълумот беришича, бу ҳақида Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон Адолат ва тараққиёт партиясининг парламентдаги мажлисида сўзга чиққан пайти айтган.
«Фурот қалқони» амалиётининг муваффақиятли ўтиши ИШИД учун биринчи жиддий зарба бўлди», – таъкидлади Эрдўғон.
Туркия, Россия ва Эрон етакчиларининг Сочида бўлиб ўтиши кутилаётган уч томонлама саммити ҳақида сўзлай туриб президент бу учрашув ҳудуднинг келажаги учун катта аҳамиятга эгалигини таъкидлаб ўтди.
«Сурия ва Ироқдаги воқеалар ривожи Туркияни муаммони ечишда ўз усулларини ишлаб чиқишга мажбур қилди. Айрим масалалар бўйича якдиллик етишмаса ҳам, Россия билан яқин ҳамкорликдан эришилган натижалар муҳим. Эроннинг ҳам Туркия манфаатларини эътиборга олгани аҳамиятлидир», – деди Эрдўғон.
Президент, шунингдек, Боғдод билан ҳозирги муносабатлар даражасини юқори баҳолади.
«Агар Шимолий Ироқ раҳбарияти жиддий хатога йўл қўймаганда, бу ҳудуд билан муносабатлар юқори даражада бўларди», – деди Эрдўғон.
АҚШ билан муносабатлар ҳақида гапирар экан, Туркия раҳбари Қўшма штатларнинг ҳудуддаги сиёсати нотўғри эканлиги ҳақида фикрларини дам-бадам Вашингтон ва жамоатчилик билан ўртоқлашиб туради.
«ИШИДнинг пайдо бўлиши ва йўқолиши жараёни кўплаб саволларни туғдиради. Агар ИШИД маҳв этилган бўлса, нега Сурияга қурол ортилган юк машиналари жўнатиляпти? Бу қуроллар Сурияда кимларга қарши ишлатилади? Мазкур ҳаракатларнинг сабабини суриштириш керак. Аммо гап шундаки, бизга суриштирувларсиз ҳам ҳаммаси аён. Туркия мамлакат келажагига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган воқеаларни жим кузатиб туролмайди», – таъкидлади Эрдўғон.



