Бутун қабила Исломни қабул қилгач, уларнинг ҳаёти қай томонга ўзгарди?
Индонезия ўрмонларида Оранг Римба – «чангалзор одамлари» қабиласи яшайди. Уларнинг маъжусийлик дини ва кўчманчи турмуш тарзи Индонезиянинг исломий ҳаётидан тубдан фарқ қиларди. Аммо энди қабила ўз ҳаётини яхши томонга ўзгартириш учун ёппасига Исломни қабул қилмоқда.
Агар илгари Оранг Римба болалари деярли яланғоч юрган бўлсалар, энди улар озода кўйлаклар киймоқдалар, ўғил болаларнинг бошида дўппи, қизларникида эса рўмол бор. Қабила болалари савод чиқармоқдалар ва шу пайтгача умуман бехабар бўлган дин асосларини ўрганмоқдалар.
3 ойча аввал қабилада бирданига 58 оила Исломни қабул қилди. Улар учун махсус тантанали маросим уюштирилди, унда янги мусулмон бўлганларга либослар ва жойнамозлар тортиқ қилинди, деб хабар беради BBC News.
Миссионер Устоз Райҳоннинг сўзларига кўра, шу пайтгача қабила тараққиётдан узоқ шароитда ва ғалати тартибларда яшаган.
«Кимдир ўлса, улар жасадни ҳатто кўмишмаган ҳам, шунчаки ўрмонда қолдириб кетишган. Энди уларнинг ҳаёти маъно ва мақсадга тўла», – дейди Райҳон.
Қишлоқ оқсоқоли Муҳаммад Юсуфнинг сўзларига кўра (аввал унинг номи Югук эди), Исломни қабул қилиш қарори осон берилмади. Аммо бу яхши иш бўлди, чунки Ислом инсонларнинг таълим олиши ва савод чиқаришини рағбатлантиради, энди қабила болалари ҳам ҳаётда нимагадир эришишлари мумкин.



