«Ислом тарихи» китобининг тақдимоти бўлиб ўтди
2017 йилнинг 25 ноябр куни Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг «Ислом тарихи» номли 2 жилдлик китобининг кенг доирадаги тақдимот маросими бўлиб ўтди. Тадбирга нуфузли диний ташкилотлардан меҳмонлар ва ҳурматли устозлар ташриф буюришди.
Тақдимот маросими Қуръони Карим тиловати билан очилгач, дуолардан сўнги ноширимиз Исмоил Муҳаммад Юсуф сўз олиб, барча меҳмонларни бугунги тақдимот билан муборакбод этдилар:
Бисмиллааҳир роҳманир роҳийм!
Ўтган умматларнинг тарихини келгуси авлодлар учун ибрат қилган Аллоҳ таолога ҳамду саноларимиз бўлсин!
Аллоҳ таолонинг пайғомини қабул қилиб, бу улкан илмий омонатни барча умматларига омонат ила етказган Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотларимиз бўлсин!
Азиз устозлар!
Муҳтарам аҳли иймон, аҳли илм биродарлар, қадрли меҳмонлар!
Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
Устозимиз, падари бузрукворимиз, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари асос солган ушбу илм даргоҳига хуш келибсиз, Аллоҳ таоло қадамларингизга ҳасанотлар ёзсин!
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд ойлари бўлмиш рабиъул аввал ойи, мавлиди шариф ойини барчамизга илму ирфон ойи, сийрат илмини ўрганиш ойи, у зоти бобаракотни таниш, севиш ва у зотга муносиб эргашиш ойи айласин!
Шайх ҳазратларининг динимиз, Ватанимиз, халқимиз олдидаги улкан хизматлари – маърифат таратиш, Исломни танитиш, диний адабиётимизни тиклаш, исломий таълимнинг кўлами кенгайтириш, сифатини оширишдан иборат бўлди. Аллоҳ таоло холис ният билан бошланган бу хайрли ишларга файз-баракот бериб, улкан ижобий натижалар насиб қилди.
Устозимиз халқимизнинг диний, илмий-маърифий адабиётга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида Ислом илмларининг деярли барча соҳаларига, барча йўналишларига – Қуръон, ҳадис, сийрат, ақоид, фиқҳ, тасаввуф ва бошқа кўплаб илмларга оид юздан ортиқ китоблар ёздилар. Шайх ҳазратлари қолдирган улкан илмий мерос бугунги кунда халқимизнинг маънавий мулкига айланиб, нафақат китоб жавонларидан, балки қалбимизнинг тўридан ўрин олди.
Бугун ушбу илмий меросдан муносиб ўрин олган яна бир асар – «Ислом тарихи» китобини сиз азизларга тақдим қилмоқдамиз. Муҳтарам ўқувчиларимизни ушбу янги китоб билан таништирар эканмиз, унинг ёзилиш тарихи ҳамда чоп этиш жараёни ҳақида бироз тўхталиб ўтамиз.
Аллоҳ таолонинг тақдири илоҳийси ўлароқ, бугунги тарих илмига оид асарнинг тақдимоти инсоният тарихидаги энг буюк босқич – саодат асрини ўрганиш, сийрати набавияни ўрганиш ойида бўлиб ўтмоқда.
Устозимиз чоп этилган ҳар бир янги асар муносабати билан мана шундай тантанали маросим ташкил қилиб, янги китобни халқимизга байрамона кайфиятда тақдим қилар эдилар. Зеро, илм аҳли учун, маърифат аҳли учун ҳар бир янги китоб, ҳар бир янги илм чинакам байрам ҳисобланади. Бугунги тақдимот маросими яна шу жиҳати билан биз учун қадрлики, бугун сизу биз ҳозир бўлган бу муҳташам кошонада устозимизнинг асарлари илк бор тақдим қилинмоқда. Аллоҳ таоло бу даргоҳни доимо ана шундай илму ирфон мажлислари ўтказиладиган, халқимизнинг фақат яхши кунига, маърифатига, дину диёнатига хизмат қиладиган масканлардан айласин.
Муаллиф роҳимаҳуллоҳ ушбу асарнинг муқаддимасида айтганларидек, Ислом тарихи деганда Ислом давлатларининг ва мусулмон халқларнинг Ислом динининг илк даврларидан бошлаб ҳозирги кунгача бўлган муддатдаги тарихи кўзда тутилади. Бошқача қилиб айтганда, ушбу тарих дунё бошланганидан то ҳозирги, биз яшаб турган пайтгача бўлган даврни ўз ичига олади.
Тарих – улкан илмий омонатдир. Чунки ҳар бир авлод тарихни билиш орқали ўтмишдаги воқеалардан тегишли хулоса чиқаради. «Мозийга қараб иш тутмоқ хайрлидир» деганларидек, тарихни ўқиган одам аждодларнинг хайрли ишларидан ибрат олади, ўтмишда йўл қўйилган хатоларни эса такрорламасликка ҳаракат қилади. Шунинг учун ҳар бир ватанпарвар инсон ўз юртига меҳр-муҳаббатининг, садоқатининг рамзи сифатида Ватанининг тарихини ўрганади.
Мусулмон тарихчилар дунёнинг яратилиши, инсоннинг дунёга келиб, ривожланишидан тортиб то бугунги кунгача содир бўлган тарихий ҳодисаларни билишда энг ишончли манба бўлмиш Қуръони Каримга асосланадилар. Шунинг учун Ислом тарихчилари инсоният тарихида энг ҳаққоний, энг холис тарихчилар ҳисобланиб келадилар. Мусулмон тарихчилар азалдан бутун Ислом оламининг, бутун дунёнинг тарихини мисли кўрилмаган аниқлик ва холислик билан ёритиб келишган. Аммо сўнгги бир неча аср давомида барчага маълум бўлган сабаблар туфайли дунё тарихига, хусусан, Ватанимиз тарихига кўпгина ўзгаришлар киритилиб, тарихий асарларнинг ҳаққонийлигига бироз путур етказилди. Айниқса, мустабид тузум даврида мусулмон халқлар нафақат динидан, балки тилидан, маданиятидан, тарихидан ҳам маҳрум этилди.
Алҳамдулиллаҳ, Роббимизнинг беқиёс инояти туфайли Ўзбекистонимиз истиқлолга эришиб, халқимиз ўзлигига қайтиш, миллий қадриятларимизни тиклаш йўлига қадам қўйди. Чорак аср давомида Ватанимизнинг тарихини тиклаш, буюк аждодларимизнинг меросини ўрганиш борасида улкан ижобий ишлар қилинди.
Шу боис, устозимиз шайх ҳазратлари бошқа кўплаб асарлари қаторида халқимизга Ислом тарихи ҳақида ҳам мухтасар бир китоб тақдим қилишни ният қилиб юрар эдилар. Бу борада кўпчилик уламолар, аҳли илмлар билан маслаҳатлар қилиб юрардилар. Кейинроқ баъзи китобларни ёзиш давомида бундай асарнинг жуда зарурлиги маълум бўлгач, бугун эътиборингизга ҳавола этилаётган «Ислом тарихи» китобини ёза бошладилар. Устозимиз қисқа муддатда китобни ёзиб тугатиб, нашриётга тақдим қилдилар. Аммо Аллоҳ таолонинг иродаси экан, бу китоб устозимиз якунига етказишга улгурган сўнгги китобларидан бири бўлиб қолди.
Фурсатдан фойдаланиб, бу китобнинг сиз азиз ўқувчиларимиз қўлига етиб боришида кўмакчи бўлган, ҳиссаси қўшилган барча азизларимизга самимий ташаккурларимизни изҳор этамиз.
Аллоҳ таоло ушбу китобни халқимизга муборак қилсин, барчамизга манфаатли, хайрли ва баракотли қилсин, устозимиздан бу асарни садақаи жория ўлароқ қабул қилиб, ажру савобларидан баҳраманд айласин!
Шундан сўнг «Ислом тарихи» китобининг илмий муҳаррирларига сўз берилди. Имом Бухорий номли Тошкент ислом олий маъҳади катта ўқитувчиси Абдул Азим Зиёуддин ҳамда Абдулҳамид Зайриевлар ушбу китобнинг илмий аҳамияти, бадиий услуби ҳақида, ундаги маълумотларнинг холис ва ҳаққонийлиги, асарнинг қамрови кенглиги ҳақида батафсил сўзладилар.
Устоз Абдулҳамид Турсунов Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси номидан барчани ушбу янги китоб билан муборакбод этиб, муфтий Усмонхон Алимовнинг табрикларини, хайрли дуоларини етказдилар, шайх ҳазратларининг диёримизда ва бутун Ислом оламида тутган ўринлари, динимизга кўрсатган фидокорона хизматлари ҳақида тўлқинланиб сўзладилар.
Тарих фанлари доктори, профессор Мирсодиқ Исҳоқов нашриёт раҳбарияти ва ижодий гуруҳини, босмахона меҳнат жамоасини ушбу янги китоб билан табриклаб, бу асарнинг чоп қилиниши катта воқеа бўлгани ҳақида, китобнинг юксак бадиий савияси ҳақида сўзладилар.
Шунингдек, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ Абдулмалик устозимиз шайх ҳазратлари ҳақида, у кишининг илмий фаолиятлари ва хусусан бугун тақдим қилинаётган ушбу китоб ҳақида сўзлаб, халқимизда бу каби илмий-маърифий асарларга бўлган эҳтиёж тобора кучайиб бораётгани эътиборидан уларнинг адади кўпайтирилишидан барча умидворлигини таъкидладилар, сўнгги пайтларда вилоятимизнинг барча масжидларида китоб савдосининг ривожланиб бораётгани, юртимизнинг энг чекка ҳудудларига ҳам китобларимиз етказиб берилаётганидан мамнуният изҳор қилдилар.
Шунингдек, диний идорамизнинг фахрийларидан Абдуллоҳ ҳожи Исмоилов ҳам тарих илмининг аҳамияти, бугунги кунда уни ўрганишнинг нақадар долзарблиги ҳақида сўзлаб, шу эътибордан «Ислом тарихи» асарининг чоп қилиниши айни муддао бўлганини таъкидладилар.
Маросим сўнггида юртимизнинг пешқадам қорилари мавлиди шариф муносабати билан гўзал нашидалар ижро этиб, тантанага янада байрамона кайфият бағишладилар. Шундан сўнг шайх ҳазратларининг руҳига бағишлаб ўқилган хатми Қуръон ниҳоясига етказилди.
Тақдимот якунида устозимизнинг сафдошларидан Зокиржон ҳожи домла, Умаржон ҳожи домла каби азиз меҳмонларимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг илмлари, хулқу одоблари, адабий ва илмий мерослари, халққа қилган буюк хизматларини хотирладилар, хатми Қуръон дуосига қўл кўтариб, шайх ҳазратларининг ҳаққига, у зотнинг ота-оналари, устозларининг ҳаққига ҳамда устозимизнинг илмий меросини халққа етказишда хизмат қилаётган барча аҳли байтлари, шогирдлари ва издошларининг ҳаққига Аллоҳ таолодан хайру баракот тилаб, дуолар қилдилар.
Аллоҳ таоло ушбу асарни ҳам устозимизнинг садақаи жориялари қаторида ҳусни қабул айлаб, ажру мукофотини кўпайтириб берсин, бу китобни сизу биз толиби илмларга муборак қилсин, хайрли ишларимиз бардавом бўлишида Ўзи мададкор бўлсин!
Тақдимот маросими ҳақидаги тўлиқ видеолавҳани тез кунлар ичида порталимиздан томоша қилишингиз мумкин.





















