The New York Times: «Саудия баҳори» валиаҳд шаҳзода назарида
The New York Times газетаси Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон билан интервьюни эълон қилди. Унда шаҳзода «Саудияча араб баҳори» ҳақида сўзлаб берган, дея хабар бермоқда NEWSru.co.il.
Валиаҳд шаҳзода ўзига нисбатан янграётган «аксилкоррупция сиёсати воситасида ҳокимиятни эгаллаб олиш» айбловини «кулгили» деб баҳолади. Унинг сўзларига кўра, 1980-йиллардаёқ Саудия Арабистони коррупциядан азият чекарди, бу қироллик бюджетини 10 фоизга қисқартирди.
Шаҳзода Муҳаммаднинг интервьюда айтишича, отаси тахтга ўтирганида бу бошбошдоқликка чек қўйишга қасам ичган ва коррупционерлар ҳақида маълумот тўплашни ўғлига топширган.
Муҳаммад ибн Салмон «қора рўйхат»да 200 га яқин гумонланувчилар бўлганини айтди. Ўтказилган текширувлардан кейин уларнинг 95 фоизи ўзининг айбини тан олиб, судгача келишувни имзолаган (бу келишувга кўра, айбланувчилар ўз мулкларининг катта қисмини давлат ғазнасига топширишга рози бўлганлар). Яна 4 фоиз гумонланувчилар эса ўзларига қўйилган айбларга рози эмаслар ва ишни судда кўриб чиқилишини исташяпти. Рўйхатдагиларнинг фақат 1 фоизигина айбсиз бўлиб чиқди, дейди валиаҳд шаҳзода.



