Хавфсизлик чораларини кучайтириш учун масжидга катта миқдорда маблағ ажратилди
СТВ Ньюс хабар қилишича, Канада федерал дастурига кўра Оттавада жойлашган масжиднинг хавфсизлигини таъминлаш учун катта миқдордаги маблағ сарфланадиган бўлди.
Канада атроф муҳит ишлари бўйича вазир Кэтрин МакКеннанинг сўзларига кўра хавфсизлик тизимини такомиллаштириш учун Оттава мусулмон ташкилотига 46 000 доллар берилади. “Жамиятимизда диний ва эътиқодий қарашларига кўра зўравонлик қилишга йўл қўйилмайди. Ҳукуматимиз камситиш ва таҳқирлаш ҳаракатларига қарши чиқишда собитқадам туради. Барчамиз жамиятимизнинг турли хил қатламларига нисбатан холисона фикр юритилишига жавобгармиз” деди вазир хоним. Давлат бюджетидан ажратилаётган маблағ кузатув камераларини ўрнатиш ва масжид ҳудудига киришни назорат қилиш тизимига сарфланади. Шу билан бирга масжид ходимларининг хавфсизлик асбоб-ускуналарини бошқариш усулларини ўрганиши ҳам шу маблағ ҳисобидан амалага оширилиши назарда тутилган. Мусулумон ташкилоти раҳбари Наим Маликнинг айтишича йил давомида масжид бир неча бор хатарга йўлиққани сабабли Канада ҳукумати маблағи айни вақтида ажратилган.



