Азҳари Шариф Равза қишлоғи ҳақида

Азҳари Шариф Равза қишлоғи ҳақида

Ўтган жума Синода рўй берган қонли ҳужумга нишон бўлган Равза қишлоғи ҳақида Азҳари Шариф олимларидан бирининг таассуроти:

“Аллоҳ таоло мени Азҳари Шариф шайхлари билан биргаликда суюкли Сино ноҳиясидаги Равза қишлоғини зиёрат қилишга мушарраф этди. Мен у ерда кўплаб ажойиботларга гувоҳ бўлдим. Сизларга асосийларини айтиб бермоқчиман. Равза қишлоғини мен қуйидаги ўн хусусият билан сифатлашни ҳақли деб билдим:
1. “Саховат, олийжаноблик қишлоғи”. Бу қишлоқ Сино қишлоқлари орасида мана шу ном билан танилган экан. Айтишларича, қишлоқ аҳли йўли кесилиб қолган фаластинлик ҳожилар карвонининг барчасини меҳмон қилишган экан.
2. Ибодатгўй қишлоқ. Қишлоқ аҳлининг аксариятини жамоат намозида топасиз. Бомдодда худди жумадаги жамоат йиғилади.
3. Гўзал тарбия қишлоғи. Кўчаларини айланар эканман, уларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ғазотлари номлари билан аталганига гувоҳ бўлдим.
4. Барқарорлик қишлоғи. Жума намозида 310 та ватандошини йўқотганига қарамай, жумага бир неча соат олдиндан келиб йиғилиб ўтиришибди.
5. Сабот қишлоғи. Масжид деворларида қон изларини кўриб кўнглим вайрон бўлиб кетди. Аммо улар ҳеч нима кўрмагандек ўз юртлари ва аҳлларининг ҳимоясида дадил туришибди.
6. Оддийлик қишлоғи. Қишлоқ аҳолиси жуда оддий ҳаёт кечиради. Кунлик егулигини топиб ейдиганлари бор. Баъзи хонадонларнинг икки дона қўйидан бошқа нарсаси йўқ, ҳовлидаги хоналаридан биттасигина тузалган, қолгани анжомсиз.
7. Орият қишлоғи. Кишиларда иззат нафс жуда баланд. Инсонпарварлик ёрдамларини тарқатганларнинг ҳикоя қилиб беришича, шаҳид бўлганлардан бирининг оиласига келиб, ёрдам тақдим қилмоқчи бўлишса, улар: “Фалончига беринглар, у ҳақлиқроқ, бизнинг бунга эҳтиёжимиз йўқ”, дер экан.
8. Азҳари Шарифни севучи қишлоқ. Аҳоли улкан мусибат устида турганига қарамай, Азҳар уламоларига ниҳоятда юксак эҳтиром ва эъзоз кўрсатдилар.
9. Шижоат қишлоғи. Равзаликлар хато деб билган нарсасини қўрқмасдан тўғрилар, ҳамиша ҳақ томонда турар экан. Ичларида ҳеч қандай бўлиниш, тарафкашлик, турли жамоа ва ҳизблар йўқ.
10. Шаҳидлар қишлоғи. Аллоҳ таоло шаҳидликни ўзи суйган бандаларига беради.
“Эй азиз Равза аҳли! Сизлар Аллоҳ таолонинг “Ичингиздан шаҳидларни териб олади” деган марҳаматига ҳақли кишилар экансиз. Бу эса Аллоҳ таоло томонидан танлов, сизлар учун икром, буюк мартаба. Бу неъматга Аллоҳ сизларни танлабди. Хурсанд бўлаверинг, Аллоҳ сизлар билан! Миср халқи, Азҳари Шариф, унинг уламолари ва машойихлари ёнингизда. Улар атрофингизда парвоналар, сизлар учун жиҳод қиладилар. Аллоҳ сизларни, жонажон Мисримизни, давлатию халқини барча ёқимсизликлардан, ёмонликлардан сақласин! ШайхулАзҳар Аҳмад Тоййиб жанобларини Аллоҳнинг Ўзи асрасин ва доим уммат мудофаасида собитқадам қилсин!”
Билол Хизр, Азҳари Шариф электрон фатво маркази аъзоси

01.12.17
Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид таржимаси

back to top