“Ўзбекистон Конституциясига 25 йил” эсдалик нишонини топшириш маросими бўлиб ўтди

“Ўзбекистон Конституциясига 25 йил” эсдалик нишонини топшириш маросими бўлиб ўтди

Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 октябрдаги фармони билан таъсис этилган “Ўзбекистон Конституциясига 25 йил” эсдалик нишонини топшириш маросими бўлиб ўтди.

1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосидир. Бош қомусимизни тайёрлашда давлатимиз танлаган йўл, халқимизнинг бир неча минг йиллик тарихи ҳамда халқаро тажриба инобатга олинган.

Мамлакатимизда ўтган давр мобайнида амалга оширилаётган барча ислоҳотлар замирида Конституциямизда белгилаб берилган қоида ва тамойиллар устуворлик касб этди. Айни пайтда ҳаётга изчил татбиқ этилаётган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳам Конституциямиз тамойилларига асосланган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 21 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма беш йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишига кўра, бу йил юртимизда Бош қомусимиз қабул қилинганининг 25 йиллиги кенг нишонланмоқда. Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари томонидан 2017 йил 10 октябрда “Ўзбекистон Конституциясига 25 йил” эсдалик нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги фармон қабул қилиниб, ушбу нишон билан мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини ва мудофаа қудратини юксалтириш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш, жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро дўстлик ва тотувликни асраб-авайлаш, Асосий қонунимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб этиш, ёш авлодни қонунга ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган барча соҳа вакиллари, меҳнат фахрийлари, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамда бошқа шахслар тақдирланиши белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакиллигидан 2 нафар юртдошимиз “Ўзбекистон Конституциясига 25 йил” эсдалик нишони билан тақдирланди.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси О Юсупов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У. Алимов ушбу эсдалик нишонларини
Мир Араб олий мадрасаси мударриси, Баҳоуддин Нақшбанд жомеъ масжиди имом-хатиби, таниқли уламо, зарринқалам хаттот, манбашунос олим Абдулғафур Раззоқ Бухорий домлага ва Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази раиси Карим Истамовга тантанали равишда топширдилар.

Мукофотланганлар юксак эътибор ва эътироф учун миннатдорлик изҳор этиб, дину-диёнатимиз равнақи ва халқимиз маънавиятимизни юксалтириш йўлида астойдил меҳнат қилишини билдирди.

back to top