«Анадолу»: Ўзбекистон – Марказий Осиё инжуси
Туркиянинг дунёга машҳур «Анадолу» ахборот агентлиги муҳаррири, журналист Ҳусайн Алтиналан Ўзбекистонга ташрифи тассуротларини баён этиб мақола ёзди ва уни агентлик сайтида эълон қилди.
Мақолада Ўзбекистон тарихи, географияси, этнографияси, меъморий ёдгорликлари ҳақида баён этилган. «Минг бир кеча эртакларига мезбонлик қилган шаҳарлари бор Ўзбекистон ноёб кошинлар-ла безанмиш тарихий ёдгорликлари ва инсоният ўтмишининг лабиринтлари аро сафарга чорлайдиган ҳаққоний муҳити билан кўрганларни лол қолдиради» деб бошланувчи мақола анчайин бўёқдорлиги ва таассуротларга бойлиги билан ажралиб туради.
Муаллиф юртимизнинг аҳолиси, давлат рамзлари, табиий бойликлари ҳақида сўз юритиш билан бирга, бир пайтлар ҳатто буюк саёҳ Марко Полони ҳам ҳайратга солган тарихий обидалари ҳамда ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Бухоро, Самарқанд ва Хива шаҳарлари тасвирига алоҳида тўхталиб ўтади. Шунингдека, Искандар Зулқарнайннинг Самарқанд ҳақидаги қуйидаги сўзларини келтиради: «Бу шаҳар тўғрисида эшитганларимнинг бари ҳақиқат экан, фақат у мен тасаввур қилганимдан ҳам гўзалроқ эмиш». Муаллиф назарида Искандар, Чингизхон ва Амир Темур каби уч буюк саркардани кўрган мамлакатимиз очиқ осмон остидаги музейдир.
Ҳусайн Алтиналан юртимизда сўнгги даврда бўлаётган ўзгаришлар туфайли туризм соҳасида кутилаётган юксалишларни таъкидлайди:
«2017 йилнинг сўнгги олти ойида Ўзбекистонга бор-йўғи 1 миллион сайёҳ ташриф буюрган. Аммо чиройли шаҳарлари ва давлат сиёсатидаги ўзгаришлар туфайли яқин даврларда Ўзбекистон сайёҳлар учун энг жозибали давлатлардан бирига айланади», дейилади мақолада.
Журналистнинг айтишича, ҳар куни Тошкентга мунтазам рейсларни амалга оширадиган Turkish Airlines компанияси келгуси йилнинг март ойидан Самарқандга ҳам тўғридан тўғри рейсларни йўлга қўяди.
«Ўзбекистон Туркия аҳолисини ўзига чорлайди ва ўзининг тарихий ёдгорликлари, санъати ва беназир табиатидан баҳраманд бўлишга чақиради», дейилади мақолада.



