Эрон мусулмон олимларига ярим миллион доллардан улашди
Якшанба куни Эрон илм-фанга қўшган ҳиссаси учун мусулмон олимларини ананавий тақдирлаш маросимини ўтказди.
Икки йилда бир марта топшириладиган Мустафо мукофоти бу сафар эронлик ва турк-француз мутахассисларига берилди. Мукофот совриндорларининг ҳар бирига 500 000 доллардан тақдим этилди.
Мустафо илмий-технологик мукофоти иккинчи марта топширилмоқда ва бу сафар у яшаш жойидан қатъи назар мусулмон олимларига ёки мусулмон давлатида фаолият олиб бораётган бошқа динга эътиқод қилувчи мутахассисларга топширилди.
Эроннинг илмий ишлар бўйича вице-президенти Сурен Сатторийнинг маълум қилишича, бу сафар мукофот келиб чиқиши турк бўлган Франция фуқароси Эрол Галанба ва эронлик Муҳаммад Амин Шукруллоҳийга берилди. Улар компьютер моделлаш ва дастурлаш соҳасидаги ютуқлари учун эътироф этилди.
Тақдирлаш маросими Теҳрондаги Ваҳдат-Холлда бўлиб ўтди, деб хабар беради The Daily Mail.
Таъкидлаш жоиз, илк марта Мустафо мукофоти 2015 йилда топширилган бўлиб, унга тайванлик нанотехнолог олим Жеки Йинг ва иорданиялик кимё профессори Умар Ёғий савозор бўлганди.



