Истанбулда Ислом давлатлари тиббиётчилари табиий офатлар мавзусини муҳокама қилдилар
Истанбулда Ислом давлатлари соғлиқни сақлаш тизимлари Иккинчи бутунжаҳон конгресси ниҳоясига етди.
Бутунжаҳон Ислом иттифоқи ва Соғлиқни сақлаш ташкилоти ташаббуси билан ташкиллаштирилган уч кунлик конгресснинг асосий мавзуси «Тиббиётни ривожлантириш ва табиий офатларни бошқариш» эди.
Конгресс ишида шифокорлар ва жаҳоннинг 70 мамлакатидан келган 400 нафар нодавлат-нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этдилар. Тадбир иштирокчилари мусулмон дунёси дуч келган инқирозларни, шунингдек, хизмат кўрсатиш ҳамда таълим даражасини яхшилаш учун ёрдам бериш йўлларини муҳокама қилдилар.
Конгресс якунига кўра иштирокчилар қўшма баёнот қабул қилдилар. Унда таъкидланишича, сўнгги пайтларда содир бўлган 12 та гуманитар инқирознинг 9 таси мусулмон давлатларига тўғри келади.
«Бунинг асосий сабаби, бу давлатларда энергия ресурслари конлари бор ёки улар бу ресурсларни узатиш йўлларида жойлашган. Аммо ғалати томони шундаки, зиддиятларнинг ҳар қайси томонида мусулмонлар турибдилар. Бу ҳудудларда ҳақиқий Ислом қадриятларини тарғиб қилиш керак, шунда аҳоли турли ёт ғояларга, оқимларга ишонмайди. Ҳозирги кўрилаётган чоралар эса кўпроқ оқибатлар билан курашишга йўналтирилган, сабаблар билан эмас. Ислом оламида мусулмонлар якдиллигига эришилса, ҳозир кузатилаётган қуролли тўқнашувларга чек қўйилиши мумкин. Ислом дунёси тинчлик ва хавфсизликка чорловчи ўз моҳиятидан узоқлашиб кетди, бу эса жамиятнинг заифлашиб бориши ва инқирозларга олиб келди», – дейилади баёнотда.
Баёнотда айтилишича, БМТ ва Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти каби халқаро тузилмалар, шунингдек, маҳаллий нодавлат ташкилотлари ўз ташаббуслари билан вазиятни яхшилашга ҳисса қўймоқдалар.



