Қозоғистонда барлар ва казиноларда ўтмайдиган ҳалол карталар чиқарилди
Исломий карта шариат меъёрларига амал қилиб яшайдиган мусулмонларга мўлжалланган. Уни ҳеч бир кўнгилочар масканда қабул қилишмайди.
Al Hilal исломий банки шариат меъёрларига мос келадиган карталарни муомалага чиқарди.
Исломий карталарда рибо (ҳаром қилинган фоизлар) йўқ.
Бу карталарнинг яна бир ўзига хос тарафи, мижозлар улардаги пулларни шариат ман этган ишларга сарфлай олмайдилар.
Масалан, бу картани кўнгилочар муассасаларда, казинода, букмекерлик идораларида, алкогол ва тамаки маҳсулотлари сотишга ихтисослашган дўконларда ишлатиб бўлмайди.
Айни пайтда бундай карталардан Астана, Алмата ва Чимкент шаҳарлари аҳолиси фойдаланиши мумкин. Яқин вақтларда унинг географиясини кенгайтириб, Қозоғистоннинг бошқа ҳудудлари учун ҳам чиқариш режаси бор.
Карта соҳиблари Қозоғистонда ва хорижда улардан фойдаланишлари мумкин. Шунингдек, интернет орқали харид, картадан картага ўтказмалар, солиқлар, жарималар ва коммунал тўловларни онлайн тарзда амалга ошириш имкониятлари мавжуд.
Ҳисобни банк филиалларидаги кассалар ва «Казкоммерцбанк» филиалларидаги терминаллар орқали ёки картадан пул ўтказиш йўли билан тўлдириш мумкин. Мижозларга қулайлик яратиш учун интернет банкинг хизмати ҳам бор.
«Исломий карта шариат меъёрлари асосида яшовчи мижозлар учун кўпроқ имкониятлар яратади», – деди «Al Hilal» банки бошқаруви раиси Гордон Хаскинс.
Банкнинг дебит карталари Master Card Gold ва Master Card Platinum номли икки йўналишда амал қилади. Келгуси йил бошидан банк кредит карталар чиқаришни режалаштирган.



